Ҳокимларнинг пахтага аралашиши мажбурий меҳнатга олиб келмоқда – “Cotton Campaign”
Жамият
−
28 Январь 2021
5627Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни йўқ қилишга қарши курашувчи инсон ҳуқуқлари, меҳнат, инвесторлар ва бизнес ташкилотларининг глобал коалицияси “Cotton Campaign” Ўзбекистон пахта далаларида 2020 йилги ҳосилни йиғиб олиш жараёнида мажбурий меҳнатга барҳам бериш ишларининг сезиларли олға силжишини олқишлайди. Шу билан бирга, баъзи муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда “Cotton Campaign” халқаро коалициясининг 2020 йилги Ўзбекистонда пахта кампаниясини мониторинг қилиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботида сўз боради.
Қайд этилишича, “Cotton Campaign”нинг ҳамкори Инсон Ҳуқуқлари бўйича Ўзбек Форуми ўзгаришларнинг сезиларли белгиси сифатида сўнгги 10 йил ичида илк марта ўзбек пахтасини етиштиришда айрим туманларда мажбурий меҳнатга оид ҳеч қандай ҳолатни аниқламаган.
Шунингдек, Инсон Ҳуқуқлари бўйича Ўзбек Форумининг мустақил ва тажрибали кузатувчилари жойларда кўнгилли теримчилар кўплиги ҳамда мажбурий ҳолда теримга жалб қилинган ишчиларга кам дуч келганини маълум қилган. Лекин, кузатувчилар амалдорлар томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинишнинг, шунингдек, давлат ташкилотларида ишловчи ходимлар маошининг бир қисми пахта теримчиларини ёллашга сарфланишининг баъзи ҳолатларини ҳам қайд этган.
“2020 йилги йиғим-терим жараёнида биз кузатган ютуқлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам беришнинг ҳақиқий истиқболи бор”, дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми директори Умида Ниёзова.
“Cotton Campaign” ҳисоботига кўра, 2020 йилги пахта ҳосилини йиғиб олишдаги ижобий ўзгаришлар Ўзбекистон Ҳукуматининг иқтисодиётга ҳамда мажбурий меҳнатни барҳам топишига йўналтирган ислоҳотлари натижасидир.
“Пахта терими учун бирмунча юқори тўловлар, меҳнат инспекциялари томонидан қатъий назорат ва айрим пахта кластерлари томонидан тажрибали ходимларни танлаш каби чоралар теримчилар орасида мажбурий меҳнат билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг айрим туманларда қисқаришига олиб келди. COVID-19 пандемияси ҳам кўнгилли теримчилар сони ортишига сабаб бўлди”, дейилади компания ҳисоботида.
Қайд этилишича, аввалдан қолган баъзи омиллар 2020 йилги пахта теримида мажбурий меҳнатга олиб келган ва бу келгусида ҳам давом этиши мумкин.
“Ҳаммасидан ҳам салбийси – маҳаллий амалдорлар пахта теримини ташкил этиш ва назорат қилишда асосий ролни ўзларида сақлаб қолди. 2020 йил мартида пахта ҳосилига давлат буюртмаси бекор қилиниб, Ҳукумат аъзолари мажбурий меҳнат тақиқланганига доир бир неча маротаба аниқ баёнотлар берган бўлса-да, маҳаллий ҳокимларга туманларда пахта ишлаб чиқариш режаларини назорат қилиш вазифаси топширилди”, дейилади ҳужжатда.
Ҳисоботга кўра, айрим туманлардаги раҳбарлар ушбу топшириқларни бажариш учун мажбурий меҳнатга йўл қўйган. Хусусан, фавқулодда ҳолатлар, банк ва давлат корхоналари хизматчилари пахта теришга мажбурланган ёки теримчи хизматини тўлаган, акс ҳолда салбий оқибатларга дуч келган.
Кузатувчилар маҳаллий ҳокимлик идораларининг минглаб пахта теримчиларини мажбуран теримга сафарбар этгани билан боғлиқ ўнлаб ҳолатларни қайд этган. Хусусан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2890 та ўт ўчирувчини Қашқадарё вилояти Миришкор туманида пахта теримига сафарбар қилиш бўйича буйруқ чиқарган. Ёмон шароитларда яшаган ўт ўчирувчилар эса, ўз навбатида, маҳаллий аҳоли вакилларидан бир кунлик режага етмаган пахтани сотиб олишга мажбур бўлган.
LiveБарчаси