Ҳокимлар ваколатини кенгайтирадиган қонун ишлаб чиқилди
Жамият
−
06 Ноябрь 2019
60154 ноябрь куни Қонунчилик палатасида “2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси бўйича семинар ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилдан бошлаб Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган ҳолда илғор халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланади.
Давлат бюджети тўғрисидаги қонун давлат бошқаруви секторининг барча даражаларининг бюджет борасидаги масъулиятини оширади, шунингдек бюджет ижроси интизомини янада мустаҳкамлайди. Шунингдек, Давлат бюджетининг солиқ турлари бўйича харажатларини соҳалар кесимида Олий Мажлис ва халқ депутатлар маҳаллий Кенгашлари томонидан қайта-қайта тасдиқланишига барҳам берилади.
Бу маҳаллий ҳокимликлар ваколатларининг кенгайишига олиб келади. Илгари маҳаллий ҳокимликлар ўз бюджетини республикадан етказилган рақамлар асосида тасдиқлаб қўяр эди, улар бирор рақамни ўзгартириш ваколатига эга эмас эди. Бир сўз билан айтганда, Халқ депутатлари Кенгашлари томонидан бюджетни тасдиқлаш тартиб-таомили формал маънога эга эди. Қонун лойиҳаси доирасида бошқача тартиб-таомиллар назарда тутилган.
Лойиҳада маҳаллий ҳокимликлар маҳаллий бюджетларнинг даромадларини солиқ турлари бўйича ҳамда харажатларини бюджет ташкилотлари кесимида ўзлари белгилаши қайд этилган. Шу тариқа, маҳаллий Кенгашларнинг бюджетни қабул қилишдаги ҳақиқий мустақиллиги таъминланади. Вазирлик ва идораларнинг бюджетлари Олий Мажлис томонидан тасдиқланиши уларга ажратилган бюджет маблағларининг натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Қонунда назарда тутилган ўзгаришлар маҳаллий ҳокимият томонидан иқтисодиётни ривожлантириш орқали солиққа тортиш базасини кенгайтиришга ва бюджетга тушадиган тушумларнинг кўпайтиришга бўлган қизиқишларини оширади. Қарз маблағларини жалб қилиш бўйича чегараларнинг ўрнатилиши ушбу маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини оширади ҳамда Давлат бюджетининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш имконини беради.
Шаҳноза Тўрамуротова
LiveБарчаси