Ҳокимлар халқнинг олдидаги қарзини узиш учун 7:00 да эмас, 5:00 да турса ҳам улгурмайди – Мирзаев

Жамият

Мансабдорлар ва ҳокимлар халқнинг олдидаги қарзини узиш учун, нафақат соат 7:00 да, балки 5:00 да турса ҳам улгурмайди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ўз ўринбосари томонидан соат 7:00 да мажлис ўтказилганига изоҳ бераётиб гапирган. Айни вақтда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган, 30 йилдан буён ҳокимлар қадам босмаган Писком қишлоғига борган Зойир Мирзаев QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова билан мулоқот қилди. 

Аввалроқ, Тошкент вилояти ҳокимининг тайинланганига ҳали бир ҳафта ҳам бўлмаган биринчи ўринбосари Холмирза Ниёзов тонгги соат 07:00 га йиғилиш чақиргани айтилган хабар тарқалганди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳақиқатан ҳам мажлис ўтказилганини тасдиқлади. 

“Хабарим бор. Мен ушбу ҳолатни ёритган йигитга раҳмат дедим. Ҳокимиятда бўлаётган ишларни кўрсатиб берди. Агар ўша [мажлис] кун тартибидаги масалани кўтарганида эди, бундай бўлмас эди. Кун тартибидаги масала эса ёшларни иш билан таъминлаш ва ерни бўлиб бериш масаласи бўлган. Сабаби 20 кун вақтимиз қолди, шу вақт ичида ёшларга ерни бўлиб бермасак, экин экишга кечикамиз”, дейди Мирзаев. 

Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, ер бўлиб бериш нафақат соат 7:00 да, балки кечаси ухламай муҳокама қилинадиган масаладир. 

“Бу нарса нафақат 7:00 да, балки кечаси ухламай муҳокама қилинадиган масаладир. Ҳокимият шундай даргоҳ. Эрталаб соат 7:00 да хоҳлаган жойингизга боринг-чи... Масалан, мен ҳоким сифатида кечқурун соат 23:00 дан олдин ҳокимиятдан чиқиб кета оламанми? Кета олмайман. Умуман олиб қараганда, ҳозир юрганимиз ҳам қонуний жиҳатдан қаралса, ноқонуний. “Нима учун вилоят ҳокими ўринбосарларини мажбурлаб, Писком қишлоғига олиб келди?”, деб гапиришади. Қонун бунга ҳам йўл қўймайди”, дея сўзида давом этди у. 

Зойир Мирзаевнинг айтишича, у ва унга ўхшаганлар халқнинг олдида қарзини узиш учун соат 7:00 да эмас, балки 5:00 да турса ҳам улгурмайди.

“Мен розиман эрталаб 7:00 да туриб, масалани бир соат  муҳокама қилиб, ёшларга ерни эртароқ бўлиб берайлик, дедим. Биз уч ой роса дам олдик. Ҳокимлар ухлади. Баҳорнинг бир куни йилни боқади. Бир соат олдин картошкани экиб олсак, иккинчи экинга замин яратилади. Шунинг учун бу бўлган нарса. Хатосиз раҳбар йўқ. Ҳали биз у қадар дам олиб, бемалол режимга тушиб ишлашимизга вақт бор. Бугун Олий Мажлисда 08:30 дан кейин ишни бошлаб, талабаларни 10:00 дан ўқитайлик, деган фикр ҳам бўлди. Бу ҳам замон талаби, балки бунга ҳам келармиз. Лекин бизга ўхшаганлар ҳали халқнинг олдида қарзини узиш учун нафақат соат 7:00 да балки, 5:00 да турса ҳам улгурмайди”, дейди ҳоким.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

378

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг