Ҳоким мурожаати! Андижонда айрим корхона ва цехлар карантин тугамасдан фаолиятини бошлайди
Жамият
−
16 Апрель 2020
8998Андижон вилоятида айрим корхона ва цехлар фаолиятини қайта бошлашга рухсат берилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ўз мурожаатида айтиб ўтди. Абдураҳмонов тадбиркорлар санитария-эпидемиология талабларига риоя қилган ҳолда фаолиятини қўрқмасдан бошлаши кераклигини уқтиради.
“Тадбиркорлар, сизлардан илтимос қиламан. Қай бирингизнинг трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқараётган 50-60 киши ишлайдиган цехларингиз бор. Биз жойлардаги раҳбарларга топшириқ бердик. Сизлар қўрқмасдан цехингизда иш фаолиятингизни юргазинг. Биз иш жойингизга санитария-эпидемиология маркази ва соғлиқни сақлаш тизимидан ходим ажратиб берамиз. Улар корхона эшиги тагида туради, кираётган ҳар бир ходимнинг иситмасини ўлчайди, қолаверса, гигиена талабларига амал қилган ҳолда иш жойига кириб чиқишигача назорат қилишади.
Тушунинглар ахир, ҳаммамиз ётаверадиган бўлсак... қачонгача ётамиз? Қандай қилиб қорин тўйдирамиз? Қандай қилиб иқтисодиётимиз бойиди? (бюджет пул тушумлари назарда тутилмоқда – таҳ.) Бу дегани ҳаммаёқ бўлди дегани эмас (мавжуд корхоналарнинг барчаси бирдан ишга тушмайди – таҳ.). Лекин, яна бир марта айтаман, 15, 30, 50 нафар одам ишлатаётган, минглаб одамларни ишлатаётган корхона, тадбиркорларимиз бор эди.
Энди карантин экан, деб ёпиб, ётавермасдан, нима масалангиз бўлса, кредит керак бўлса ёки олинган кредитларингизнинг муддатини чўзиш керак бўлса, давлат ва биз томондан қандай ёрдам керак бўлса, айтинг. Муҳтарам Президентимизнинг тадбиркорларни шундай вақтда қўллаб-қувватлаш бўйича, солиқлардан имтиёз бериш ва бошқалар бўйича 2 та фармони чиқди”, дейди вилоят ҳокими.
Шуҳрат Абдураҳмонов, шунингдек, ҳокимликларга бир қанча фуқаролар ишсиз қолгани юзасидан мурожаат қилганини айтади.
“Марҳамат қилиб, мен вилоят раҳбари сифатида айтяпман, корхонангизда гигиена талабларига амал қилган ҳолда фаолиятингизни бошланг. Биз ходим ажратишга, назорат қилишга тайёрмиз. Ҳаёт давом этиши керак. Сабаби, кўпчилик фуқароларимиз бизга мурожаат қиляпти. Биз ишлаётган эдик, ойлик олиб кунимиз ўтаётганди ва иш жойимиз ёпилиб қолди дейишмоқда.
Мана яна бир марта айтяпман, фақат гигиена талабларига амал қилган ҳолда марҳамат қилиб фаолиятингизни юргизинг”.
Шуҳрат Абдураҳмонов кўра, бошқа ташкилот-муассасаларда карантин талаблари давом эттирилади. Вилоят ҳокими сифатида фаолиятини юритмоқчи бўлган тадбиркорлик субъектларига ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.
“Лекин мактаб, боғча, институт, коллеж каби ташкилотларнинг айрим ходимлари ишлаши ва 65 ёшдан ўтган фуқароларимизнинг кўчага чиқиши қатъиян ман этилади.
Илтимос қиламан, отажонлар ва онажонлар! Ёши улуғ отахон-онахонларимиз ҳаммангиз дуо қилиб, Худодан тилаб, бу бало тезроқ Ўзбекистонимизни тарк этишини сўраб уйларингизда ўтиринг. Ўқувчи ёшларимиз, илтимос қиламан, чиқманглар кўчага! Уйингизда ўтириб, ўша онлайн дарсингизни ўтинг, уйингизда ўтириб, ота-онангизга, томорқасига қарашинг. Уйингиздан чиқманг!
Лекин ҳалиги корхона, тадбиркорларимизга қайта-қайта айтяпман. Иқтисодиёт давом этиши керак. Буни яна 15-25 кун ўтирамиз деб ҳеч ким кафолат бермайди. Биз қанақа ёрдам керак бўлса, қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Фаолиятингизни ишга тушириб, мана шу гигиена талабларига жавоб берадиган тизим қилиб бериш учун, мен вилоят ва штаб раҳбари сифатида ходим ажратиб беришга ҳам, қандай ёрдам керак бўлса, беришга ҳам тайёрман.
Сўзимнинг охирида, яна бир марта айтяпман, Худодан тилаймиз, илоҳим, қадрли андижонликлар, ҳамюртлар, отажонлар, онажонлар, опажонлар, сингилжонлар, акалар ва укалар. Илтимос, келинглар, гигиена талабларига амал қилайлик, ҳар хил йиғин қилмайлик. У ер-бу ерда эшитиб қоляпмиз, зерикдик деб кўчага чиқаётганларни ва зерикдик деб 4-5 киши бўлиб тўпланаётганларни. Қатъий чора кўришга мажбурмиз. Мажбурмиз!
Ўзингизнинг саломатлигингизни, оилангиз, фарзандларингиз учун, юртимиз тинчлиги учун амал қилишга ҳаммангиз мажбурсиз. Соғ бўлинглар”, дейди вилоят ҳокими ўз мурожаатида.
LiveБарчаси