Ҳоким ким?
Интервью
−
08 Июль
185147 июнь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрига бир ярим йилдан буён ҳокимлик қилиб келаётган Шавкат Умурзоқовнинг Юнусобод тумани “Собиробод” маҳалласидаги дўконларнинг бирида озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини текширгани акс этган видеолар тарқалди.
Ҳокимнинг дўконда қилган ҳаракатлари, сотувчига қилган муомаласи, маҳсулотини олиб, қўполлик билан улоқтиргани танқидларга учради.
QALAMPIR.UZ мазкур мавзуда инсон ҳуқуқлари фаоли, “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов билан суҳбатлашди. Интервьюни томоша қилиб,
- Ҳоким ким?
- Ҳокимнинг вазифа ва ваколатлари қандай?
- Нима учун Ўзбекистонда ҳокимлар сайланмайди?
- Шавкат Умурзоқов “пиар” қилдими?
- Ҳокимларни тиядиганлар борми, каби саволларга жавоб топасиз.
Видеони QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.
Ҳокимнинг бу ҳаракатига пойтахт ҳокимлиги изоҳ берди, аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳокимнинг шаҳардаги каттароқ ишлар билан шуғулланиши кераклигини ёзмоқда.
Блогер Нурбек Алимов Шавкат Умурзоқовнинг активистлик қилаётганини ёзди.
“Шу ҳокимимиз электросетларга бориб рейд қилса, “свет” ўчганда авария бўлди, деб бошқа умуман маълумот бермайдиган ТЭТК ларга бориб, қаерда ростан ҳам авария бўлди, қаерда шунчаки тежашяпти, деб “рейд” қилиб юрса бўларди. Албатта, чириган ўрик “рейди” ҳам муҳим, лекин одамларнинг, халқнинг ҳам ўзини калласи бор чириган ўрикни олиш олмасликка етадиган. Автобусларга чиқиб олиб, жамоат транспортидаги муаммоларни ўргансин. Йўлларда пиёдаларга қандай шароит борлигини билиш учун пиёдага айланиб олиб “рейд” қилсин.
Жаҳл билан “яшик”чани ирғитиб, нима бу дейиш эса шахсан менга “забавно” туюлди. “Мойкачи”лар машинани тоза ювмаётгани ёки сомсапазларнинг пиёзни кўпайтириб юбораётгани бўйича “рейд”ларга чиқиб юрманг. Буям шу категорияда”, дейди блогер.
Журналист Анора Содиқова ҳам ҳокимнинг бу ҳаракатини қоралаб, унга “ответь” ёзган:
“Ҳокимга ҳокимча “ответь”. Бяхке (Бу ёққа кел) Шавкат Умурзоқов! Манга қара, шунча вақтдан бери ҳокимсан, ваколатинг бор, нимани эплаб ташладинг ўзи?! Нима қилиб қўйдинг шу халқ учун шунча пайт?!
- Тошкент канализация тизими нима бўлди?
- дренаж тизимичи? Қаҳ қаравоссан!
- Дарахтлар нега кесилишда давом этяпти?
- Қурилишда қачон тартиб бўлади?
- Сан нима қивоссан ўзи “вообще”?!
- ачиган мевамас, Тошкентга жавоб бергин хўпми! Алоҳида интервьюга чақирсам фуқарога қилган шу қўполлигинга “отвечать” қилолисанми ўзи?
- Умрзоқов кимга ишонвоссан ўзи, орқангда ким бор ўзи, манга қара?!” дейди Содиқова.
Блогер Умид Ғофуров ҳокимнинг ўрикларни текширишдан бошқа муаммоларни ҳал қилиш режасида бор йўқлиги билан қизиққан.
“Тошкент шаҳар ҳокими шахсан дўконма-дўкон юриб, чириган мева бор-йўқлигини текширяпти экан. Шаҳар ҳокимини режаларида: асфалть қилинмаган йўллар ва бетон қилиниб дабдаласи чиққан тротуарлар, йўл ўтказгичларида ишламайдиган лифтлар, ўрнатилмаган чиқинди челаклар, ишламайдиган дренаж тизими ва яна +100500 та ўз зиммаларидаги муаммоларни текшириш бормикан?” дейди блогер.
Видеони QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.