Ҳижобга қарши чиққан собиқ вазир устидан тергов бошланди

Олам 20249
image

Аввалроқ, Туркияда ҳижобга қаршилик масаласи кун тартибига чиққани, мухолиф “Жумҳурият халқ партияси”нинг собиқ депутати ва собиқ Маданият вазири Фикри Сағларларнинг 2020 йилнинг 30 декабрь куни “Халқ” телеканалидаги чиқиши давомида айтган гапларига Президент Ражаб Тойиб Эрдўған жавоб қайтаргани ҳақида хабар берган эдик.

Айни вақтда Анқара Бош прокуратураси томонидан телевизион чиқиши давомида “мен тюрбан (ҳижоб)ли судьянинг қаршисига чиққанимда, у менинг ҳуқуқларимни ҳимоя қилиши ва адолат ўрнатишига шубҳа қиламан”, деган Фикри Сағларга нисбатан “халқни нафрат ва адоватга ундаш” ҳамда “таҳқирлаш” каби айловлар билан тергов бошланди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда. 

Анқара Бош прокуратураси томонидан берилган ёзма баёнотда шундай дейилади: 

“30.12.2020 йилдаги телевизион чиқиши давомида “тюрбан (ҳижоб)ли судьянинг қаршисига чиққанимда, у менинг ҳуқуқларимни ҳимоя қилиши ва адолат ўрнатишига шубҳа қиламан. Баъзилар уни [ҳижобни] жанговар ва мафкуравий жиҳатдан тақишади”, каби сўзлари учун Фикри Сағларга нисбатан Туркия Жиноят қонунининг 216-моддаси билан “одамларни нафрат ва адоватга ундаш” ва “таҳқирлаш” айбловлари билан тергов бошланган”. 

Мухолифат партия вакилининг сўзлари мамлакат жамоатчилигидан тортиб, сиёсий элитаси орасида кун тартибига чиқди. Боиси, ҳижоб Туркияда кўп йиллардан буён сиёсий масала сифатида кун тартибида бўлиб келган. Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ва унинг бошчилигидаги “Адолат ва тараққиёт” партияси сиёсий лидерликни қўлга олгунга қадар Туркияда ҳижоб баъзан расмий, баъзан норасмий тақиқда бўлган. Бунинг тарихи эса Мустафо Камол Отатуркнинг Туркия давлатини ташкил этиши ва аёлларнинг рўмол ўрнига маданий одамлардек шапка кийишини тарғиб қилиши билан боғлиқ. Бироқ, ушбу масала кейинги йилларда ҳам замонавий Туркияни тақиб қилиб келмоқда. Жамиятдаги бўлиниш шу даражага бориб етганки, эътиқод ва одамларнинг индивидуал диний қарашлари телеканалларда муҳокама қилиняпти, камситиляпти. 

Мухолифат партия вакили Фикри Сағларнинг ҳижоб ҳақидаги гаплари жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлгач, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған унга жавоб қайтарди. У 1 январь куни жума намозини Истанбулдаги “Аё София” масжидида ўқиб, ибодат ортидан журналистлар билан мулоқот қилди. 

“Бу гапларни айтган одам ҳозирги асрда яшамаяпти, анча орқада қолиб кетган. Афсуски, бу ЖХПга хос бўлган ва ўтмишда кузатилган фашистик тушунчанинг бугунги ифодаси ва фашистик тушунча ҳанузгача мавжуд. Яъни, улар рўмолли қизларни йиллар давомида университетлар дарвозасидан қайтаришган. Агар сиз далада фермер бўлсангиз, рўмол қонуний, агар университетда бўлса,  ҳижоб тақиқланган. Ана шундай мантиқ бор эди”, дейди Президент Эрдўған.

Давлат раҳбарининг урғулашича, одамларни кийинишига қараб баҳолаш демократиянинг белгиси эмас. Унинг фикрича, ЖХП доимий равишд фикр ва эътиқод эркинлигини илгари суради, бироқ амалда ўзига қарши боради. 

“Агар биз одамларни кийинишига қараб баҳоласак, буни демократия, сўз ва эътиқод эркинлиги, деб бўлмайди. 

Улар [Жумҳурият халқ партияси вакиллари]га сўз берганингизда, одатда эътиқод, фикр эркинлигидан гапирадилар. Бу қандай эътиқод, қандай фикр эркинлиги бўлди? Йиғиштиринг бу ишларни! Биз 40-50 йилларда бўлгани каби ЖХПнинг ҳамон одамларнинг яшаш таризга кўра уларга ҳалал беришини кўришни истамаймиз”, дейди Президент

Эрдўған сўзида давом этаркан, мухолифат партия раиси Камол Қиличдорўғли партияга ҳижобли аёлларни ишга олиши бу фақат кўзбўямачилик учунлигини урғулади. 

“Камолбей ҳам ёнига икки ҳижобли аёлни олиб, бу билан миллатни алдашни бас қилсин. Халқни алдай олмайсизлар, у даврлар ўтди. Ёнингга икки эмас, йигирма нафар ҳижобли аёлларни олсанг ҳам сенинг кимлигингни халқ яхши билади. Аёлларнинг ҳижоби билан шуғулланишдан фойда йўқ. Ва ҳижоблиларни суд, прокуратура, полиция ва мамлакатдаги барча муассасаларда учратасиз”, дейди Эрдўған.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Туркия Фикри Сағлардан ташқари, журналист Жан Атакли ва Туркия қуролли кучлари Бош штабининг 26-бошлиғи, 2008-2010 йилларда ушбу лавозимда ишлаган Меҳмет Илкер Башбуғ “қаҳрамон” бўлиб турибди. Улар ўз чиқишларида Туркия Президент Эрдўған ва унинг ҳокимиятига қарши давлат тўнтаришига ўтказишга ишора қилишган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 259
Рейтинг: 3
Теглар
t
×