Туркияда давлатга қарши тўнтариш масаласи кун тартибига чиқди
Олам
−
06 Январь 2021
17404Туркия сиёсатида катта тебранишлар кузатилмоқда. Мамлакатда ҳижоб масаласи ортидан давлат раҳбариятига қарши тўнтариш масаласи кун тартибига чиқди. Бу ҳақда журналист Жан Атакли сўз очган ва Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг лавозимдан кетиши давлат тўнтариши орқали бўлишини айтган.
“Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг кетиши учун халқда жуда катта ғазаб бўлиши керак. Катта табиий офат, кучли зилзила... Катта тошқин ёки даҳшатли ёнғин... Австралияда бўлган ёнғиндек жуда катта ёнғин, зилзила, жуда кўп қурбонлар бериладиган сел фалокати сингари... Аммо Туркияда ҳарбий муваффақиятсизликка дуч келиш энг даҳшатли нарса”, дейди журналист.
Айни вақтда Жан Атаклининг ушбу сўзлари мамлакат сиёсий элитаси, хусусан ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси аъзолари томонидан оғир қабул қилинмоқда.
Туркия ўз тарихида бир неча бор давлатга қарши тўнтаришларни бошдан кечирган мамлакат. Энг аҳамиятлиси, тўнтаришлар халқ тарафидан эмас, балки доимий равишда ҳарбийлар томонидан уюштириб келинган. Халқаро сиёсий кузатувчиларнинг фикрича, Туркияда давлат раҳбари ва ҳарбий раҳбарлар ўртасида ўзаро муросасизлик мавжуд ва бу муросасизлик 2016 йилнинг 15 июль куни ўзининг навбатдаги оқибатларини кўрсатди.
Аммо 2016 йилда Эрдўған бошчилигидаги ҳокимиятга қарши давлат тўнтариши АҚШнинг Пенсилвания штатида яшаётган ва расмий Анқара томонидан халқаро қидирувга берилган Фатҳуллоҳ Гулен раҳбарлигидаги ФЕТО террорчилик ташкилоти назорати ва буйруғи билан амалга оширилди. Туркия тарихида содир этилган барча давлат тўнтаришлари доимий равишда бош кўтарган тўдалар фойдасига ҳал бўлган. Бироқ, 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уриниш кутилган натижани бермади. Бу сафар Президент ва унинг ҳокимиятига хиёнат қилган ҳарбийлар қаршисига халқ чиқди. Натижада ҳарбийлар таслим бўлди. Албатта, тўнтаришга уриниш қурбонсиз кечмади, 251 киши вафот этди.
Туркияда давлатга қарши тўнтариш масаласи кун тартибига чиқишига яна бир сабаб бор. Бу ҳам бўлса Туркия қуролли кучлари Бош штабининг 26-бошлиғи, 2008-2010 йилларда ушбу лавозимда ишлаган Меҳмет Илкер Башбуғнинг “Жумҳурият” газетасига берган интервьюси бўлди.
Унда генерал Меҳмет Илкер Башбуғ Туркия тарихида 1960 йилнинг 27 май, 1971 йилнинг 12 март, 1980 йилнинг 12 сентябрь, 1997 йилнинг 28 февраль ва 2007 йилнинг 27 апрель куни ҳарбийлар томонидан содир этилган давлатга қарши тўнтаришларни хотирлайди. У ўз сўзида мамлакатни 1950-1960 йилларда бошқарган Бош вазир Али Аднан Эртекин Мендересга қарши уюштирилган давлат тўнтаришни мисол тариқасида келтирган.
“Агар Мендерес 1960 йилнинг 25 май куни Эскишаҳарда қилган нутқида муддатидан аввал сайлов ўтказиш вақтини айтганда эди, 27 майдаги ҳарбий тўнтаришнинг олди олинган бўларди. Чунки муддатидан олдин сайловлар ўтказишга қарор қилган ҳукуматга қарши ҳарбий тўнтариш амалга оширилиши миллатнинг сиёсий иродасига зарба бўлиши аниқ”, деган Меҳмет Илкер Башбуғ.
Айни вақтда генералнинг ушбу сўзлари Туркиянинг ҳукмрон партияси томонидан мамлакатда янги давлат тўнтаришига ҳозирлик кўриш ва бунга даъват сифатида қабул қилинмоқда.
LiveБарчаси