“Ҳизбуллоҳ” етакчисининг ўлимидан сўнг Хоманаий хавфсиз жойга кўчирилди – ОАВ 

Олам

image

Исроилнинг Байрутга берган зарбаси оқибатида “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўлиши ортидан Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий хавфсизлик чоралари кучайтирилган мамлакат ичидаги хавфсиз жойга кўчирилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Агентлик манбаларига кўра, Эрон Исроилнинг кейинги қадамларини аниқлаш учун “Ҳизбуллоҳ” ва бошқа минтақавий гуруҳлар билан доимий алоқада.

Насруллоҳ бир кун аввал Байрут жанубидаги Даҳия туманидаги қароргоҳига “Ҳизбуллоҳ” раҳбарияти йиғилиши бўлиб ўтаётган пайтда берилган “аниқ ҳаво ҳужуми” оқибатида ўлдирилган. “Ҳизбуллоҳ”нинг марказий штаб-квартираси тураржой биноси остида жойлашгани хабар қилинган.

“Ҳизбуллоҳ” ҳам ўз етакчиси Ҳасан Насруллоҳ Исроилнинг Байрутнинг жанубий чеккасида уюштирган ҳаво ҳужумида ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён “Ҳизбуллоҳ” етакчисини ўлдиришда АҚШни айблади. Давлат раҳбари ўз баёнотида Насруллоҳни Исроилга қарши кураши учун олқишлади ва “сионистларнинг террор ҳужуми қаршилик оиласини ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ қилишини” таъкидлади.

У, шунингдек, АҚШни Исроилни очиқ қўллаб-қувватлаётганликда айблади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 27 сентябрь куни кечқурун Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти штаб-квартираси жойлашган Байрутнинг жанубий чеккасидаги аҳоли зич жойлашган Даҳия туманига камида 10 марта ракета ҳужуми уюштирди. Исроилнинг сўнгги ҳаво ҳужуми оқибатида 6 киши ҳалок бўлгани, 76 киши жароҳатлангани, 15 нафар ярадор шифохоналарга етказилгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ҳизбуллоҳ Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг