“Ҳизбуллоҳ” етакчиси билан бирга Эрон генерали ҳам ҳалок бўлган
Олам
−
28 Сентябрь
10384Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ”нинг Байрут чеккасидаги ерости қўмондонлик марказига уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида “Ҳизбуллоҳ”га ёрдам бериш учун Эрондан Ливанга жўнатилган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) қўмондони ўринбосари, генерал-майор Аббос Нилфорушан ҳалок бўлди. У “Ҳизбуллоҳ” раҳбари Ҳасан Насруллоҳ билан бир ҳужумда ҳалок бўлган. Бу ҳақда бугун, 28 сентябрь куни Эроннинг IRNA давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Теҳрон амалдорлари расмий равишда ИИҚК генералининг ўлими ҳақидаги хабарларга ҳозирча изоҳ бермаган. Шу билан бирга, Эроннинг олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Ҳасан Насруллоҳнинг ўлими муносабати билан ўч олиш ҳақидаги баёнотлар беришдан ҳозиргача ўзини тийиб келмоқда.
Хоманаий, хусусан, “сионист жиноятчилар”нинг “Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”нинг кучли тузилмасига жиддий зарар етказиш учун жуда аҳамиятсиз” эканлигини айтди ва Исроилнинг ҳаракатларини “қисқа кўриш ва аҳмоқлик” деб атади.
“Reuters” агентлигининг Теҳрондаги манбаларига таяниб хабар беришича, Исроилнинг Байрутга ҳаво ҳужуми уюштирганидан сўнг Эроннинг олий раҳбари атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган ва унинг ўзи “хавфсиз жойга” етказилган.
Ўз навбатида, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Носир Канани “Ҳизбуллоҳ” етакчисининг тугатилиши ҳақидаги хабарга муносабат билдирар экан, Насруллоҳнинг йўли давом этишини ва “унинг мақсади Қуддусни озод қилиш эканлигини айтди.
Исроил ҳарбийлари “Ҳизбуллоҳ” марказига зарба бериш учун учган Ҳатзерим авиабазаси қўмондони, бригада генерали Амичаи Левиннинг айтишича, “жуда мураккаб” миссияга тайёргарлик кўпдан бери давом этмоқда.
“Ўнлаб ўқ-дорилар бир неча сония ичида нишонга жуда юқори аниқлик билан тегди ва бу чуқурликдаги ер ости объектларини йўқ қилиш учун зарур бўлган нарсаларнинг бир қисми”, деди авиабаза командири.
Левиннинг сўзларига кўра, Насруллоҳнинг йўқ қилиниши “Яқин Шарқ қиёфасини ўзгартиришга чуқур таъсир кўрсатади”.
Исроил ҳарбийлари “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмаси ва имкониятларини заифлаштириш мақсадида олти хил бино остида жойлашган қурол-яроғ омборларини йўқ қилганини айтди. Исроилнинг Йнет порталига кўра, “Ҳизбуллоҳ” қароргоҳига ташланган бомбаларнинг умумий оғирлиги 80 тоннадан ошган.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг 27 сентябрдаги зарбалари оқибатида 6 киши ҳалок бўлган, 91 киши яраланган. вазирлик, шунингдек, ҳужум оқибатида олтита турар-жой биноси вайрон бўлганини маълум қилди.
“Шундай қилиб, ўлим сони сезиларли даражада ошиши мумкин. Бир кун ичида Исроил армияси Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”нинг 140 та нишонига зарба берди”, дея хабар берди ЦАХАЛ.
Ўз навбатида, “Ҳизбуллоҳ”Исроил томон ўнлаб ракеталарни отган.
ЦАХАЛ матбуот котиби Даниэль Ҳагарий Насруллоҳни “Исроилнинг барча даврлардаги энг катта душманларидан бири” деб атади.
"Унинг йўқ қилиниши дунёни хавфсизроқ қилади", деб таъкидлади Ҳагарий.
Исроил армияси бош штаби бошлиғи Герзи Ҳалеви, ўз навбатида, ЦАХАЛ “Ҳизбуллоҳ”га қарши курашни давом эттиришини айтди. У “олдинда оғир кунлар” борлигини ва Исроил ҳарбийлари “барча фронтларда максимал жанговар шайлик, мудофаа ва ҳужумкорлик” ҳолатида эканини қўшимча қилиб.
Насруллоҳ вафоти муносабати билан Эронда беш кунлик, Ливан ва Ироқда эса уч кунлик мотам эълон қилинган, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроилнинг Ливанга берган зарбаларини, шунингдек, Ғазодаги ҳаракатларини “геноцид” деб атади. Яманлик ҳусийлар Исроилга қарши ҳужумларни кучайтиришларини айтди. Ушбу баёнотлардан кўп ўтмай, Исроил армияси Ливандан ўққа тутилгани, шунингдек, Ямандан тутиб олинган ракета ҳақида хабар берди.
LiveБарчаси