“Ҳизбуллоҳ” Исроил шимолига 100 дан ортиқ ракета учирди
Олам
−
12 Июнь
5753Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроилнинг шимолий қисмига 100 дан ортиқ ракета билан кенг кўламли ҳужум уюштирди. Бу ҳақда “The Jerusalem Post” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу ҳужум Исроил ҳарбийлари Ливан жануби-шарқида ҳаракатнинг юқори мартабали қўмондонини ўлдиргани ҳақидаги хабарлардан кўп ўтмай содир бўлди ва бу айнан ўша ҳодисага жавобан амалга оширилди. Нашр ушбу ҳужумлар Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршилик кучайиб бораётганидан ҳамда уларнинг иккаласи ҳам урушга тайёр эканини ҳам қўшимча қилган. Ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш Жалиланинг кўплаб аҳоли пунктларида, жумладан Сафед ва Тиберия шаҳарларида янгради.
“Times of Israel” газетаси Исроил мудофаа вазирлигига таяниб, Ливан ҳудудидан Исроилнинг шимолига камида юзта ракета учирилгани ҳақида ёзар экан, бу 2023 йилнинг октябрь ойида Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши бошланганидан бери “Ҳизбуллоҳ” томонидан амалга оширилган энг йирик ҳужумлардан бири эканлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, Ливандан отилган 90 га яқин ракета мамлакатнинг ҳаво ҳудудини кесиб ўтган. Уларнинг бир қисми тутиб олинган, қолганлари бир неча жойга тушиб, ёнғин чиқишига сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар ҳақида маълумотлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг Ливан жанубидаги Жоуя қишлоғига уюштирган ҳужуми оқибатида камида тўрт киши, жумладан "Ҳизбуллоҳ"нинг юқори даражали қўмондони Толиб Абдуллоҳ ўлдирилган эди.
LiveБарчаси