“Ҳизбуллоҳ” Исроил армиясининг олтита позициясига зарба берди
Олам
−
16 Ноябрь 2023
13169Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ташкилотининг қуролли қаноти мамлакат жанубидан Исроил армиясининг олтита постига зарба берди. Бу ҳақда ташкилот ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, “Ҳизбуллоҳ” бу операцияни Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ишғолчи кучлари томонидан тинч аҳолининг қирғин қилинишига жавобан амалга оширган. Ташкилот баёнотида айтилишича, тўғридан-тўғри зарбалар оқибатида қарши томонда ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор.
Унга кўра, Исроилнинг Ал-Баяд, Эл-Мерж ва Эл-Асси ҳудудларидаги позициялари, шунингдек, Метула, Мисгав-Ам ва Йифтаҳ яҳудий аҳоли пунктлари яқинидаги позицияларига ҳужум қилинган.
“Al Manar” телеканали хабарига кўра, “Ҳизбуллоҳ” фосфорли ўқ-дорилардан фойдаланган бўлиши мумкин. Исроил қўшинлари бунга жавобан Ливан жанубидаги 12 та аҳоли пункти яқинига артиллерия ва танклардан ўт очган.
Ливан ҳукумати ҳозирда етказилган моддий зарар миқдорини аниқламоқда, қурбонлар ҳақида эса ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Ҳизбуллоҳ"нинг қуролли қаноти Ливан билан чегарадаги Исроил мудофаа кучларининг позицияларига камикадзе дронлари ва бошқариладиган ракеталари билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси