“Ҳизбуллоҳ” Исроил ҳарбий объектларига ҳужум қилди
Олам
−
30 Март
10077Бугун, 30 март куни Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроил ҳарбий объектларига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда "Al Jazeera" телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, Исроилнинг Хирбет Маар ва Раҳеб ҳарбий объектларига иккита алоҳида ҳужум уюштирилган. Ҳаракат ЦАХАЛ позицияларига зарба беришда ракеталар, артиллерия снарядлари ва дрондан фойдаланганини маълум қилган. Оқибатда ҳарбий муассасаларга шикаст етиб, Исроил томонида ҳам йўқотишлар бўлгани айтилмоқда.
Кеча, жума куни ҳам "Ҳизбуллоҳ" Исроил позицияларини ўққа тутганини эълон қилганди. Ҳаракат баёнотида айтилишича, жангчилар шарқий йўналишда олтита, ғарбий йўналишда тўртта ҳужум уюштирган.
Маълумот учун, Исроил армияси ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида Ғазо уруши бошланганидан бери бир неча бор тўқнашув юз берган. Томонлар бир-бирига нисбатан асосан ҳаво ҳужумлари ташкил этмоқда. Ливан жанубида Исроил ҳарбийлари томонидан оқ фосфорли бомбалар қўллангани тўғрисида маълумотлар тарқатилган.