Ҳиндистонлик талаба инсон хаёлларини ўқийдиган қурилма ихтиро қилди
Технология
−
31 Июль 2023
9916Массачусетс Технология Институти (МИТ) аспиранти Арнав Капур одамлар ва машиналар ўртасида хаёлан мулоқот қилиш имконини берувчи илғор технологияни ишлаб чиқди. Бу ҳақда “ChatGPT Global” нашри хабар берди.
Асли Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳридан бўлган Капур сунъий интеллект билан жиҳозланган AlterEgo номли қурилмани яратди, бу фойдаланувчиларга оғзаки гапирмасдан мулоқот қилиш имконини беради.
AlterEgo – периферик нейрон сигналларни ушлайдиган эшитиш воситаси. Бу сигналлар фойдаланувчи сўзларни хаёлан ўйлаганда атрофга тарқалади ва қурилма шу сигналларни ушлаш орқали ишлайди.
Янги инновация жисмоний шахсларга машиналар, сунъий интеллект ёрдамчилари, хизматчилар ёки бошқа одамлардан ҳаракатлар ёки оғзаки маълумотларсиз ёрдам сўраш имконини беради. Институтнинг тушунтиришича, AlterEgo нутқида қийинчиликларга дучор бўлган шахсларни, жумладан, склероз каби касалликлардан азият чекаётганларни қўллаб-қувватлаш учун махсус ишлаб чиқилган.
Лойиҳанинг асосий йўналиши нутқида нуқсони бўлган шахсларга ёрдам беришга қаратилган бўлсада, институтнинг баъзи олимлари ушбу технология инсонлар ва компьютерларни узлуксиз ривожлантириш қобилиятига эга, деб ҳисоблайди. Бу эса интернет ва сунъий интеллект инсон билими ва қобилиятларини оширадиган келажакни англатади.
Арнав Капур ҳозирда МИТ Медиа лабораториясида медиа санъати ва фанлари бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилмоқда. Бундан ташқари, унинг муаллифлиги остида бир қатор бошқа машҳур ихтиролар мавжуд: 3D босиб чиқариш мумкин бўлган дрон, ген ифодасини ўлчаш платформаси, кўриш қобилияти заиф одамларни реабилитация қилиш учун қурилма ва ҳатто Ойдан тасвирларни олиш ва Ерга узатиш учун мўлжалланган Ой ровер.
Эслатиб ўтамиз, Илон Маск Дубайда бўлиб ўтган Жаҳон ҳукумати саммитида ўзининг навбатдаги мақсади “биологик идрок ва машина салоҳиятини бирлаштириш” орқали одамларни киборглаштириш эканлигини айтди. Шундан сўнг баъзи олимлар фикрни ўқийдиган қурилмалар ёки имплантлар махфийликка оид мисли кўрилмаган муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, деб хавфсираётган эди.
LiveБарчаси