Ҳиндистондаги даҳшатли ЙТҲда 24 киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
20:02 455 1 дақиқа
Бугун, 13 ноябрь куни Ҳиндистоннинг Ассам штатидаги Казиранга миллий боғи яқинида юз берган автобус ва юк машинаси тўқнашуви оқибатида камида 24 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “The Sun” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Казиранга миллий боғи яқинидаги шосседа содир бўлган. Тўқнашувдан сўнг автобус йўлдан чиқиб кетган. Воқеа жойига жабрланганларга ёрдам беришга уринган гувоҳлар тўпланган. ЙТҲ оқибатида камида 24 киши ҳаётдан кўз юмган, яна 11 киши тан жароҳати олган.
Маҳаллий ҳокимият вакилларининг маълум қилишича, ҳалок бўлганлар орасида болалар ва автобус ҳайдовчиси ҳам бор. Штат вазири Атул Боранинг сўзларига кўра, ушбу ҳодиса Ассам тарихидаги энг йирик йўл-транспорт ҳодисаларидан бири бўлган. У, шунингдек, полиция тўқнашув сабабларини ўрганаётганини билдирган. Вазирнинг қўшимча қилишича, авариядан олдин автобус юқори тезликда ҳаракатланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг шимолий қисмида йўловчи микроавтобуси тоғли ҳудуддаги йўлдан чиқиб кетиб, дарёга қулаши оқибатида 11 киши ҳалок бўлгани, яна 3 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси