Ҳиндистонда икки поезд тўқнашиб кетди. Қурбонлар бор (видео)

Олам

image

Ҳиндистон жанубида икки поезднинг тўқнашуви оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди, яна 50 киши турли даражада жароҳат олди. Бу ҳақда бугун, 30 октябрь куни “The Times of India” хабар берди.

Қайд этилишича, Андхра-Прадеш штатидаги Визаг шаҳридан Раягаду шаҳрига кетаётган поезд ҳаво кабелининг узилиши туфайли тўхтаб қолган. Шундан сўнг, унга тезюрар поезд урилиб кетган. Зарба оқибатида учта вагон рельсдан чиқиб кетган. 

Ҳозирда бахтсиз ҳодиса сабабларига ойдинлик киритилмоқда.

Темир йўл тармоғидаги манбалар фалокат “инсон хатоси оқибати” эканини айтмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, ҳайдовчи светофорнинг яшил чироғини ўз вақтида кўрмаган ва поездни ҳаракатга келтирмаган, шундан сўнг унинг ортидан келаётган бошқа тезюрар поезд унга келиб урилган. Аммо техник носозликни ҳам истисно қилиб бўлмайди.

Расмийлар қурбонларнинг оилаларига товон пули тўлашни эълон қилган. Ҳодисадан сўнг Ҳиндистон жанубида поездлар ҳаракати тўхтатилди – 18 та рейс бекор қилинган, 20 дан ортиғи қолдирилган.

Маълумот учун, Ҳиндистон дунёдаги энг узун темир йўл тармоғи бўйича тўртинчи ўринда туради. Поездлар ва инфратузилмани янгилашга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарамай, бу каби ҳодисалар мамлакатда тез-тез учрайди. Улар инсон омили ёки техник носозлик туфайли юзага келади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойи бошида Ҳиндистон шарқидаги Одиша штатида учта поезд тўқнашиб, 280 киши ҳалок бўлган, 1000 дан ортиқ киши жароҳат олган эди. Ўшанда Ҳиндистон темир йўллари вазирлиги фалокатга поездлар оралиғини тартибга солувчи электрон блокировка тизимидаги носозлик сабаб бўлганини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон икки поезд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг