Ҳиндистонда 12 ёшли ўқувчи ўқитувчи берган жазони бажариб вафот этди
Олам
−
18 Ноябрь 16777 1 дақиқа
Ҳиндистонда 12 ёшли Кажал Гонд исмли ўқувчи қиз 10 дақиқага кечикиб келгани учун жазо сифатида берилган 100 марта ўтириб туриш машқини бажариб, вафот этди. Бу ҳақда NDTV хабар берди.
Қиз берилган жазони бажарганидан кейин бел оғриғини бошдан кечира бошлаган. Унинг аҳволи ҳатто уйга қайтганидан кейин ҳам яхшиланмаган, аксинча янада ёмонлашган. Охир-оқибат у дастлаб Налласопарадаги шифохонага ётқизилган, аммо кейинчалик Мумбайдаги шифохонага олиб ўтилган. Аммо даволаниш вақтида вафот этган.
Кажал Гонднинг ота-онаси фожиага жазо сабаб бўлган деб ҳисоблаган. Айтишларича, қиз чўккалаб машқ қилаётганда мактаб сумкаси унинг елкасида бўлган ва бу унинг оғриғини янада кучайтирган.
Нашрда ўлимнинг аниқ сабаблари айтилмаган. Оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Кажал Гонднинг шифохонага ётқизилган ташхиси, унинг қанча вақт шифохонада бўлгани ёки унинг асосий тиббий ҳолати бор-йўқлиги ҳақида хабар бермаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий-ғарбий Ҳиндистоннинг Ражастхан штатида жойлашган бошланғич мактаб биносининг томи қулаб тушиши оқибатида 7 нафар бола ҳалок бўлганди.