Ҳиндистон ва Япония хавфсизлик борасидаги ҳамкорликни кучайтирмоқда
Олам
−
21 Август
1337Нью-Деҳли ҳамда Токио мудофаа ва хавфсизлик, коинот, киберкосмос каби соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида. Бу ҳақда икки давлат Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги “икки плюс икки” мулоқот форматидаги Ҳиндистон-Япония учрашуви якунлари бўйича маълум қилинди. Бу ҳақда Ҳиндистон ТИВ хабар берди.
“Вазирлар коинот ва кибермакон соҳасида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлиги ҳақида келишиб олди. Улар Ҳинд-Тинч океани минтақасида мудофаа соҳасида кўп томонлама ҳамкорлик ва алмашинувлар муҳимлигини яна бир бор тасдиқлади. Вазирлар икки ва кўп томонлама, жумладан “Dharma Guardian”, JIMEX ва “Malabar” каби машқларни давом эттириш мажбуриятини билдирдилар”, дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, томонлар, ASEAN’нинг минтақадаги бирлиги ва марказийлигини қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. Ҳинд-Тинч океани минтақасида очиқлик, шаффофлик, инклюзивлик, қоидаларга асосланган тамойиллар ва халқаро ҳуқуққа ҳурматни қўллаб-қувватлашини эълон қилди.
“Вазирлар Ҳиндистон ва Япония ўртасида 2008 йилда қабул қилинган хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларацияни кўриб чиқиш ва янгилаш ниятида”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, учрашув Нью-Деҳлида бўлиб ўтган. Унда Ҳиндистон томонидан Ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар ва Мудофаа вазири Ражнат Сингҳ, Япониядан Ташқи ишлар вазири Ёко Камикава ва Мудофаа вазири Минору Кихара иштирок этган.