Ҳиндистон ва АҚШ Аляскада қўшма манёврларни бошлади
Олам
−
25 Сентябрь 2023
2909Ҳиндистон ва АҚШ ҳарбий хизматчилари Аляскада икки ҳафталик манёврларни бошлади, машғулотлар давомида улар қўшма операцияларни машқ қилади. Бу ҳақда Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Айтилишича, машғулотлар Нью-Деҳли ва Вашингтон ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида ўтказилади.
Вазирлик маълумотларига кўра, Аляскадаги Форт Уэйнрайт базасига 350 кишилик Ҳиндистон қуруқликдаги кучларининг контингенти етиб борган.
“Иккала томон БМТнинг тинчликпарвар операцияларида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш учун бир қатор тактик машқларни бажаради. Шунингдек, ҳар икки томон қўшинлари илғор тажриба алмашиш учун батафсил муҳокамалар ўтказади”, дейди Ҳиндистон Қуролли кучлари вакили.
Машғулотлар мавзуси – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мандатининг VII бобига мувофиқ “Бирлаштирилган жанговар гуруҳдан тоғли/экстремал иқлим шароитида фойдаланиш” бўлади. Машқлар 8 октябрга қадар давом этади.
Маълумот учун, икки давлат ҳудудида Ҳиндистон-Америка қўшма “Юдх абхьяс” (“Жанг илми”) манёврлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Ўтган сафар, 2022 йил ноябрь ойида Ҳиндистоннинг Уттаракханд штатидаги Аули тоғли ҳудудида шундай қўшма машғулотлар бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 августидан 14 сентябрига қадар Миср шимолида жойлашган Муҳаммад Нагиб йирик ҳарбий базаси, шунингдек, Республиканинг бошқа бир қанча ҳаво кучлари ва денгиз флоти базаларида 34 давлат, хусусан АҚШ иштирокида “Bright Star 2023” қўшма машқлари бўлиб ўтганди. Унда 19 давлатдан 8 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи, яна 15 давлат вакиллари кузатувчи мақомида қатнашган.
LiveБарчаси