Ҳиндистон Ойни “истило” қилиш учун курашга қўшилди

Технология

image

Ҳиндистон космик агентлиги эртага 14 июль куни Ойга ровер қўндириш учун ракета учиради. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакат бу орқали ўзини янги космик держава сифатида намойиш қилиб, Ер йўлдошини тадқиқ этишга киришмоқчи.

Шу вақтгача фақат учта давлат: Совет Иттифоқи, АҚШ ва Хитой Ойга муваффақиятли қўнишни амалга оширган. Япониянинг жорий йил бошидаги уриниши эса қўниш аппаратининг қулаши билан якун топди.

Ҳиндистон томонидан салкам 75 миллион долларга тушган “Chandrayaan-3” Ой миссиясига тегишли ракета мамлакат жанубидаги Андхра-Прадеш штатидаги асосий космодромдан эртага, 14 июль куни маҳаллий вақт билан соат 14:35 да учиб кетади.

Агар ҳаммаси режа бўйича кетса, 43,5 метрлик LVM3 ракетаси тахминан 23 августда Ойга қўниши керак.

Ҳиндистон Космик тадқиқотлар ташкилоти (ISRO) томонидан амалга оширилаётган ушбу парвоз мамлакат бош вазири Нарендра Моди космик парвозлар ва тегишли сунъий йўлдошга асосланган тадқиқотларга сармоя киритиш сиёсатини эълон қилганидан буён дастлабки йирик миссия ҳисобланади.

Расмийларнинг таъкидлашича, Ҳиндистон ўз компанияларининг фазовий парвозлар соҳасидан оладиган даромади миқдорини 2020 йилдагидан (2 фоиз) беш бараварга оширишни мақсад қилган.

Шундай режалар доирасида “Chandrayaan-3” миссияси ташкил қилинган. “Chandrayaan” сўзи санскрит тилидан олинган бўлиб, “Ой транспорти” деган маънони англатади. Миссия учун танланган ракета қўнишга мўлжалланган икки метрли ускуна (lander) ва Ойдаюрардан (rover) иборат. Қурилма Ой юзасига қўнганидан сўнг у ерда икки ҳафта давомида бир қатор тажрибалар ўтказилиши режалаштирилган.

Бироқ таҳлилчиларнинг фикрича, парвоздан яна бир мақсад кўзланган: Ҳиндистон бу билан тобора тезлашиб бораётган космик пойгага қўшилиб, хусусий секторга бизнес учун очиқлигини ҳам кўрсатмоқчи.

"Муваффақиятли миссия Ҳиндистоннинг глобал обрўсини оширади ва саноатнинг тижорат томонига билвосита фойда келтиради", дейди Нью-Деҳлидаги Маноҳар Паррикар Мудофаа тадқиқотлари ва таҳлиллари институти маслаҳатчиси Ажей Леле.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Ой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг