Ҳаёт учун энг хавфли мавжудотлар: инсон иккинчи ўринда

Бу қизиқ

image

Кўпинча инсон ҳаёти учун хавф туғдирадиган ҳайвонлар дейилса, кўз ўнгимизда улкан, ўткир тишли ва чаққон йиртқичлар гавдаланади. Аммо ҳажм ва куч ҳар доим ҳам энг хавфли омиллар эмас. Масалан, акулалар кўпинча ўта хавфли жонзот сифатида талқин қилинади ва буни уларга нисбатан адолатсизлик дейиш мумкин. Чунки акула ҳар йили бор-йўғи 5-6 та инсон ўлимига сабаб бўлади. Ёки шерлар хавфли дейсизми? Улар атиги 22 кишини ҳаётдан мосуво қилади! Аслида, энг хавфли ҳайвонлар аксарият ҳолларда кичик жуссали бўлиб, одамларни куч билан эмас, балки касаллик тарқатиш ва заҳарлаш оқибатида ўлдиради. Мақолада одамлар учун энг хавфли 10 та жонзот ҳақида сўз боради.

Фил ҳар йили 500 кишининг умрига зомин бўлади

Кичкина ва хатарли жонзотларга ўтишдан олдин энг каттасидан бошласак. Одатда филлар сокин ва ақлли ҳайвон деб кўрилади, аммо улкан ҳажми ва оғир вазни билан улар ҳам инсон учун хавфли ҳисобланади. Ёввойи табиатнинг эгалланиши оқибатида филлар ўз яшаш жойларини йўқотиб, озуқа учун қишлоқ хўжалиги ерларига киришга мажбур бўлмоқда. Улар йўлда дуч келган одам билан “пачакилашиб ўтирмайди”. Филнинг биргина зарбаси инсон ҳаётига нуқта қўйишга етарли, “омадлилар” эса мажруҳ бўлиб қолиши мумкин.

Бегемот ҳар йили 500 кишининг ўлимига сабабчи бўлади

Африка ёввойи табиатини хавфли деб ўйласангиз, биринчи ўринда шерни тахмин қилишингиз мумкин. Лекин ундай эмас! Ўта тажовузкор ва қизғанчиқ бегемотлар шердан хавфлироқ, улар саёҳатчи қайиқларга ҳужум қилиб, ағдариб юбориши мумкин. Оқибатда одамлар чўкиб кетади ёки бегемотларнинг ўзлари томонидан ўлдирилади. Ўткир тишли, ўртача 1,5 тонна келадиган бу ҳайвон билан тўқнашишни ҳеч ким хоҳламаса керак.

Денгиз тимсоҳи ҳар йили минглаб кишини ўлдиради

Умуман олганда, табиатан тажавузкор тимсоҳлар одатда одамни овламайди, шунчаки, тасодифий “имкониятлардан фойдаланади”. Аммо денгиз тимсоҳи ҳақида гап кетганда, уларнинг инсонни ўлжа сифатида кўриш эҳтимоли энг юқори бўлган тур эканини таъкидлаш лозим. Мазкур тимсоҳлар жуда шиддатли, тезкор ва қўрқинчли кўринишга эга бўлиб, энг йирик судралувчи ҳисобланади. 1,3 тонналик денгиз тимсоҳларининг узунлиги 6 метргача етиши мумкин. У кимнидир танласа, омон қолиш эҳтимоли жуда паст.

Одам аскаридаси ҳар йили 2,5 минг кишининг умрига зомин бўлади

Уларнинг паразитар (тирик организмда яшаб, унга зарар етказадиган) фаолияти инсонни ўлимга олиб келади. Одам аскаридаси ҳам касаллик ташийди, ҳам паразитлик қилади. Озиқ-овқат ёки ифлосланган ичимлик суви орқали юқадиган ушбу гижжалар инсон ичакларига жойлашиб олиб, улардан озиқланиш ва кўпайиш учун фойдаланади. Бу иситма, қорин оғриғи, шиш ва нафас қисиши билан кечувчи ҳамда “хўжайин”ни ҳалок қилувчи аскаридоз деб номланган касалликка олиб келади.

Чаёнлар ҳар йили 2,6 минг кишининг ўлимига сабабчи бўлади

Энг хавфли жонзотлар деб ўлжасини фалаж қилиш ёки ўлдириш учун заҳар ажратувчиларни айтиш мумкин. Чаёнлар (Scorpiones туркуми) ҳам шулар жумласидан ва улар ўз заҳрини ўлжа ёки душманни фалаж қилиш учун ишлатади. Шунингдек, чаёнларнинг 25 га яқин тури инсон учун ўлимга олиб келиши мумкин бўлган даражада заҳарли ҳисобланади. Одатда чаёнлар одам ялангоёқ ҳолда тасодифан босиб кетганида ёки пойабзал ичида яшириниб чақиши мумкин. Улар одатда буни ҳужум эмас, ҳимоя учун қилади. Улар орасида энг хавфлиси Ҳиндистон қизил чаёни (Hottentotta tamulus) ҳисобланади.

Қотил ҳашаротлар ҳар йили 10 минг киши умрига зомин бўлади

Редувидлар оиласига кирувчи ҳашаротларга касаллик тарқатиш орқали ўлимга олиб келувчи хавфли жонзотларнинг олди қаторидан жой берилган. Уларнинг Марказий ва Жанубий Америкада яшовчи баъзи турлари (Triatom) иситма, лимфа тугунлари катталашиши ва бош оғриғи билан кечувчи Чагас касаллигини тарқатади. Бу тропик паразитар касаллик бўлиб, ҳар йили инсонлар ўлимига сабаб бўлади. Ушбу турлар “ўпар ҳашаротлар” деб ҳам аталади, чунки улар одатда ухлаётган одамнинг юзидан чақади. Жудаям ёқимсиз, шундай эмасми?

Қум илони ҳар йили 138 минг киши умрига зомин бўлади

Инсонлар учун энг хавфли илон унвони қум илонига берилган деса ҳам бўлади. У дунёдаги энг заҳарлилар қаторига кирмаса ҳам, энг кўп одам ўлдирадиган илон ҳисобланади. Сабаби, қум илони жуда тажовузкор ва одамлар кўп ҳудудларда яшайди. Ҳатто Австралия тайпан илони ундан анча заҳарли бўлса ҳам, одамлардан қочгани учун жуда хавфли саналмайди. Қум илони эса аксинча, ўта тажовузкор бўлиб, одамга ҳужум қилишдан тортинмайди.

Чучук сув салянгозлари (Gastropoda синфи) ҳар йили 200 минг киши умрига зомин бўлади

Қанчалик ҳайратланарли тюлмасин, шиллиққуртнинг бу синфи жуда кўп одамлар ўлими сабабчиси ҳисобланади. Чунки улар умуртқалиларга ўта хавфли хусусан, flatworm ва Schistosoma номли паразитларни ташувчи ҳисобланади. Ушбу паразитларнинг инсон организмига кириши оқибатида шистосомоз номли ҳалокатли касаллик ривожланади. Бу безгакдан кейин дунёдаги энг ҳалокатли паразитар касаллик ҳисобланади.

Инсон (Homo sapiens) ҳар йили 400 мингдан ортиқ киши умрига зомин бўлади

Инсон ҳаёти учун хавфли жонзотларни санар эканмиз, уларнинг орасида албатта инсоннинг ўзи борлигини таъкидлаш жоиз. Бу бироз ғалати туюлиши мумкин, аммо энг ҳалокатли мавжудот – инсоният! Жиноятлар оқибатида йилига тахминан 458 минг киши вафот этади ва бу инсонларни ўз тури учун энг хавфли сутемизувчиларга айлантиради. Бошқа жонзотлардан фарқли ўлароқ, инсондаги онг ўлдиришга мўлжалланган қуролларни яратиш орқали жиноятни анча осонлаштиряпти.

Бундан ташқари, инсон омилининг табиатга таъсирини ҳам унутмаслик керак. Чунки иқлим ўзгариши хусусан, ичимлик суви ва ҳаво ифлосланиши, озиқ-овқат хавфсизлиги пасайиши ҳамда табиий офатлар кўпайиши оқибатида ҳар йили 150 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юммоқда. Бунда ҳам инсонларнинг билвосита иштирокини инкор этиб бўлмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2030-2050 йиллар оралиғида иқлим ўзгариши оқибатида йилига қўшимча 250 минг ўлим қайд этилиши прогноз қилинган.

Чивинлар (Culicidae оиласи) – йилига 1 миллионтагача ўлим

Бу мавжудотлар жуда кичкина бўлишига қарамай, қурбонлар сони бўйича мутлақ рекордчи ҳисобланади. Бироқ бу ҳаракатлар бевосита амалга оширилмайди. Чивинлар кўпроқ “касаллик ташувчилар” бўлиб, одам ёки ҳайвон қонини сўриш жараёнида турли юқумли патогенларни – бактерия, вирус ва паразитларни ундан-бунга ташийди. Улар тарқатадиган касалликлар ичида энг кўп ўлимга олиб келадигани – безгакдир. Бу хавфли паразитар касаллик урғочи Anopheles чивинлари томонидан тарқалади.

Аслида табиатда учрайдиган жонзотларнинг ҳаммаси ҳам қайсидир жиҳатдан фойдали, қайсидир жиҳатдан эса хавфли. Таъкидлаш жоизки, уларнинг кўпчилиги ҳужум эмас, ҳимоя учун инсонларга хавф туғдиради. Одамлар томонидан яшаш жойларининг йўқотилиб, сайлгоҳ ёки экинзорга айлантирилаётгани, албатта, ҳайвонларга ёқмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

илон тимсоҳ ҳашарот Фил Бегемот аскарида Чаён Чивин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг