Ҳайдовчи “ГАИ”дан қочиб, бир одамнинг ўлимига сабаб бўлди
Жамият
−
29 Август 2020
10602Жорий йилнинг 27 август куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида йўл қоидасии бузган ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисасига учради. Ҳайдовчининг воқеа жойидан қочиб кетиши оқибатида эса бир одам вафот этди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар берди.
ЙТҲ соат 23:45 ларда Паркент кўчасида юз берган. Ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган С.Ж. Nexia-3 русумли автомобилда дастлаб “Қуролли кучлар академияси” қаршисидаги кўчада хизмат олиб бораётган ЙПХБ инспекторининг тўхташ талабини бажармай кетиб қолган. Кейин эса КХАЙ-Паркент кўчалари чорраҳасида хизмат олиб бораётган бошқа бир инспекторнинг талабига ҳам бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган.
Ҳайдовчи юқори тезликда ҳаракатланиб, Паркент кўчаси 69-уй қаршисида тартибга солинмаган пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган пиёдани уриб юборган ва ЙТҲ жойидан яшириниб, автомобилни Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Гулбоғ МФЙ, Гулбоғ кўчасига ташлаб кетган.
Жорий йилнинг 28 август куни соат 13:00 ларда, ҳайдовчи С.Ж. ўз айбига иқрор бўлиб, ИИБга мурожаат қилиб, ЙТҲ жойига қайтиб келган.
ЙТҲ натижасида, пиёда (шахсига аниқлик киритилмоқда) европа миллатига мансуб, ёши тахминан 65-70 ларда бўлган эркак киши олган тан жароҳатлари оқибатида ЙТҲ жойида вафот этган.
Маълумот ўрнида ҳайдовчи С.Ж. бир йил мобайнида 4 маротаба маъмурий жавобгарликка тортилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси