Ҳатто, Қозоғистонда ҳам мавжуд бўлган инглиз ҳуқуқи нега Ўзбекистонда йўқ? Сўз Давлетовга

Интервью

Жорий йилнинг 14 декабрь кунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 25-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Ялпи мажлисдан сўнг, Адлия вазири Руслан Давлетов Ўзбекистонда қўлланилаётган инглиз ҳуқуқи бўйича QALAMPIR.UZ’га қисқача интервью берди.

“Оддий мисол, қўшни давлат Қозоғистонда ҳам молиявий марказлар учун инглиз ҳуқуқини қўллаш амалиёти жорий этилган. Инлиз ҳуқуқининг ўзига хос яхши жиҳатлари кўп. Шулардан бири у эгилувчан, яъни замонавий тенденциялардан келиб чиқиб амалиётга тез мослашувчан ҳисобланади.

Инлиз ҳуқуқининг иккинчи ва асосий устуни бу – судлар мустақиллиги. Мазкур ҳуқуқ тизимида судлар мавқеси юқори ва уларнинг мустақиллиги асрлар давомида таъминланиб келинган. Судларнинг мустақиллиги эртага ҳар қандай инвесторни жалб қилувчи асосий омил бўлиб хизмат қилади. Чунки инвестор суд уни ҳимоя қилишига ва унга нисбатан бирор давлат органи ҳеч нарса қила олмаслигига ишонади. Суд томонидан зарарини қоплаб берилишига ишонади”, дейди Адлия вазири.

Давлетовга кўра, Адлия вазирлигига Президент фармони билан инглиз ҳуқуқини Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналарга қўллаш амалиётининг истиқболларини ўрганиш бўйича топшириқ юклатилган. Вазирлик томонидан мазкур ҳуқуқ тизимини бир неча давлатлар томонидан қўлланилган тажрибалари ўрганилган. 

У шунингдек, инглиз ҳуқуқининг корпоратив ҳуқуқи, шартномавий ҳуқуқий тарафлари жуда яхши тизимлаштирилганини таъкидлади. Энг асосийси, у ерда қонунлар барқарор, амалиёт вертикаллашган. Қонунни қўллаш амалиёти ҳамма ерда бир хил, кимдан сўрасангиз ҳам бир хил жавоб оласиз. Бу нима дегани? Ҳуқуқни қўлловчи ҳар бир шахс эртага унинг хатти-ҳаракати нимага олиб келишини олдиндан билади.

Лекин инглиз ҳуқуқи тўғридан-тўғри Ўзбекистонга тадбиқ этилмасада, унинг вақт синовидан ўтган энг илғор ғоялари, айрим элементларини янги ишлаб чиқилаётган фуқаролик кодексига киритилишига вазирлик хайрихоҳ эканини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида юристлар, вазирликлар ва идоралар мутахассислари, инглиз ҳуқуқи соҳасидаги миллий ва хорижий экспертлар Адлия вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “English Law Day in Tashkent” (“Тошкентда инглиз ҳуқуқи”) халқаро конференциясида жам бўлишганди.

Конференцияда Руслан Давлетов мамлакатда давлат бошқарувининг янги моделига ўтиш бўйича туб маъмурий ислоҳотлар олиб борилаётгани, бизнесдаги бюрократик процедураларни минималлаштириш бўйича ишлар амалга оширилаётгани, бизнес ва инвестиция киритишда қулай шароитлар яратиш мақсадида иқтисодиёт эркинлаштирилиши сиёсати олиб борилаётгани ва суд-ҳуқуқ соҳасида комплекс чоралар кўрилиши бошланганини айтганди.

Жорий йилнинг июнь ойида Адлия вазирлиги делегацияси Қозоғистонга ташрифи доирасида “Астана” Халқаро молия марказининг инглиз ҳуқуқини татбиқ этишга доир тажрибасини ўрганганди. Ташриф якуни бўйича ушбу тизимни “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жорий этиш бўйича ҳам таклифлар тайёрланганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Адлия вазири Олий Мажлис

Баҳолаганлар

51

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг