Ҳарбийларнинг хизмат телефонларига TikTok иловасини ўрнатиш тақиқланди
Олам
−
27 Март 2023
11061Швеция Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг хизмат телефонларига TikTok иловасини ўрнатишни тақиқлади. Бу ҳақда РТ телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу қарор мобил илованинг маълумотларни тўплаш қобилияти ва кейинчалик бу маълумотлар Хитой ихтиёрига ўтиб кетиши мумкинлиги сабаб қабул қилинган. Маълумотларга кўра, аллақачон ҳарбийларнинг мобил қурилмаларидаги иловани ўчириш ишлари бошлаб юборилган.
Аввалроқ АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси ҳам мамлакат олий қонун чиқарувчи органи аъзолари ва ходимларининг расмий гаджетларига TikTok иловасини ўрнатишни ман этганди. Мамлакат ҳукумати ушбу илова устидан назорат Хитой ҳукумати қўлида эканини иддао қилиб, уни миллий хавфсизлик учун хавф сифатида кўрмоқда. Жорий йилнинг март ойи бошида Оқ уй маъмурияти ҳам унинг блокланишини қўллаб-қувватлаганди.
Маълумот учун, хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар туфайли TikTok'ни блоклаган давлатлар рўйхатида Франция, Дания, Нидерландия ва Норвегия каби Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳам бор. Афғонистон ва Покистон эса иловани "ахлоқсиз контентни тарғиб қилгани" учун тақиқлаган. Россияда ҳам 2022 йилда илова "бесоқолбозликни тарғиб қилгани" учун унинг эгаси бўлган TikTok Pte Ltd компанияси 3 миллион рубль миқдорида жаримага тортилган. Шунингдек, TikTok иловаси Ўзбекистон ҳудудида ҳам ҳамон блокда қолмоқда.
Нодиржон Мадаминов