Ҳар учтасидан бири коррупционер - Президент таълим, соғлиқни сақлаш ва қурилиш соҳаси ҳақида

Жамият 5451
image

“Ижтимоий соҳада коррупцияни Бош прокурордан эшитдинглар. Таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш соҳасида ҳар учтасидан бири коррупционер. Бизда коррупцияни йўқотишга имконият бор. Қаттиқ нон еб юрсак ҳам, машиналар минмасак, шахсий намуна бўлсак, натижага эришамиз.

Иқтисодиёт драйвери бўлган қишлоқ хўжалиги бўйича стратегияни белгиладик. Пахта ва ғаллада давлат хариди деган тушунчадан воз кечамиз. Ҳамма нарсани давлатда ушлаб турсак, ҳеч бало бўлмайди”, дейди давлат раҳбари.

Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси ўтказилмоқда. Йиғилишда иштирок этаётган Президент Шавкат Мирзиёев коррупция масаласида танқидий фикрларини билдириб ўтди. У, шунингдек, мамлакатда инфляция даражасини камайтириш ҳақида ҳам гапирди.

“Амалдаги кўплаб қонунлар коррупция тўдаси манфаатларида қабул қилинганди. Бу йилдаги энг катта масала инфляция даражасини 5 фоизгача камайтириш ҳисобланади. Аввалги йиллардаги инфляцияда ёлғон рақамлар кўрсатилганди.

Ёқилғи-энергетика нархлари ҳам социализм давридан қолиб кетганди. Бундай ҳолатда давлатга инвестор келмайди. Агар нархларни бирданига кўтарадиган бўлсак, уни жойлардаги одамларнинг даромади кўтармайди. Аввал даромадни кўпайтириб, кейин нархларни ошириш керак. Қийин бўлса ҳам инсонларга тушунтириб, бу соҳада ҳам илк қадамларни ташладик”, дейди Президент.

Йиғилишда Президент кластер масаласига тўхталиб, бу орқали фермер ранжитилмаслиги, у манфаатдор бўлсагина, ишда унум бўлиши ва ўз ўрнида улар ҳам ер парваришида ресурслардан оқилона фойдаланиш зарурлигини билдирди.

Зафарбек Солижонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 131
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×