Ҳар бир вилоятда биттадан Европа андозасидаги коллеж ва техникумлар очилади
Жамият
−
11 Февраль 2023
56372023 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида малакали хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Европа касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш тизими талабларига тўлиқ жавоб берадиган 1 тадан намунавий профессионал таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилади.
Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида назарда тутилган.
Қайд этилишича, профессионал таълим тизимини ривожлантириш, меҳнат бозори ва иш берувчиларнинг талабларига мос бўлган малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича ҳам ажратилади.
Жорий йилда эса дуал таълим шакли бўйича давлат гранти асосида камида 5,7 минг нафар ўқувчи қабул қилинади.
“Дуал таълим шаклида ўқувчи профессионал таълим муассасасида назарий билимларни олади ва бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат фаолиятини амалга ошириб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлайди (Германия, Швейцария, Австрия тажрибаси).
Натижада, намунавий профтаълим муассасалари Европа Иттифоқи Комиссияси, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ), КФВ банки, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонасини, Кореянинг “ЕДЦФ” фонди билан биргаликда ташкил этилади”, дея белгиланган дастурда.
Ушбу муассасалар фаолиятига замонавий стандартларни жорий қилиш учун эса уларга ўқув режа ва дастурларни, таълим шакли ва муддатини мустақил белгилашга рухсат этилади.
Шунингдек, ҳар битта муассасага 4 нафардан хорижий экспертлар ҳам жалб этилиши белгиланган.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги президент Фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Жамоатчилик муҳокамаси 17 февралгача давом этиб, бунда ҳар бир фуқаро иштирок этиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг 2023 йилга мўлжалланган давлат дастурига кўра энди “дом”ларни мактабга айлантиришга рухсат берилиши ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси