Ҳар бир туман ва шаҳарга чет тили ўқитишни ривожлантириш учун 1 млрд сўмдан берилади
Жамият
−
07 Май 2021
7834Аввал хабар берганимиздек, кеча, 6 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда вилоят ҳокимликларига мактабларда чет тилини ўқитиш сифатини ошириш учун маҳаллий бюджетдан ҳар бир туман ва шаҳарга 1 миллиард сўмдан маблағ ажратишга кўрсатма берилди.
Шунингдек, Президент ўқитувчиларга муносиб шароит яратиш, малакасига қараб уларни рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади.
Халқаро сертификатнинг дастлабки ва ўрта даражасини олган ўқитувчиларнинг ойлик маошига 40 фоиз, юқори натижа кўрсатганларга 50 фоиз устама берилиши белгиланди.
Бундан ташқари, юқори балл олган ўқитувчиларга халқаро сертификат олиш учун тест топшириш харажатлари қоплаб берилади. Келгуси йилдан бошлаб, ишга қабул қилинаётган чет тили ўқитувчиларига миллий ва халқаро сертификатга эга бўлиш талаби киритилади.