Дунёнинг кейинги 4 йиллик сиёсий тақдири ҳал қилиниш палласида
Таҳлил
−
05 Ноябрь
82471980 йилларда – Совет Иттифоқи заифлашган илк даврларда бир қутбли дунё тизими шакллана бошлади. Мазкур жараён 1991 йилда социалистик лагернинг расман қулаши ортидан старт олди. Шу лаҳзалардан бошлаб океан ортида 250 йил олдин ташкил топган давлат ва унинг тепасидаги лидер дунё сиёсий атмосферасидаги ҳароратни кенг миқёсда назорат қилиши одатий ҳолга айланди. Бу эса ўша пайтдан бошлаб, ҳар бир америкалик гарданига ҳар 4 йилда сайёра тақдирининг кейинги 4 йилини белгилашдаги улкан масъулиятни юклади. Чунки улар ҳар бир Қўшма Штатлар президентига ер юзидаги мавжуд шарт-шароит ва муҳитга мислсиз таъсир ўтказишда етарлича имконият тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлиб келди. Демократик тенденцияни узлуксиз давом эттириш, инсон ҳуқуқларининг дунё миқёсидаги ҳимояси ва шу каби саъй-ҳаракатлар билан бир қаторда тарих ва келажак томонидан ҳеч қачон унутилмайдиган қонли урушлар, дунёнинг турли минтақаларидаги қирғинларга бевосита алоқадор бўлиб келган АҚШ президентлари айнан америкалик паспортига эга шахсларнинг хоҳиш-иродасига кўра бу лавозимга келган. Айни соатларда эса Қўшма Штатлар яна бир шундай ўзгариш ва кейинги бир неча йиллик дунё тақдирини маълум даражада белгилаб берувчи ўта муҳим қарор қаршисида турибди.
Ярим йиллик кескинликнинг сўнгги соатлари
4 та расмий айблов, бир неча 10 йиллик қамоқ жазоси таҳдиди ва ахлоқсиз актриса билан муносабатлар. Буларнинг барчаси Дональд Трампнинг дунё ва мамлакат миқёсида тўплаган обрўсини чилпарчин қилиши керак эди. Бироқ “жангчи” дея таърифланадиган Дональд Трамп муаммолар ботқоғида бўлишига қарамай, президентлик пойгасига киришга эришди ва бу номни бир қадар оқлади. У жуда оз муддат ичида ўз ҳолатини ўнглаб олди ва сайловолди йўлакчасидаги спринтга қайтди. Унинг қаршисидаги асосли ва баъзи сунъий шлагбаумлар бирин-кетин олиб ташланди. “Жангчи” қисқа вақт ичида президентликка яна қайтадан сайланиши мумкинлигини исботлади. Ёз ойининг дастлабки кунларида содир бўлган воқеаларнинг барчаси айнан унинг фойдасига ишлади. Масалан, 27 июнь куни CNN телеканали томонидан ўтказилган теледебат Байден ва Трамп ўртасидаги принципиал қарама-қаршиликдаги ҳал қилувчи бурилиш нуқтаси бўлди. Дебат давомида айёр Трамп нақ 30 дан ортиқ ёлғон ишлатган ҳолда Байденни янчиб ташлади. У бу баҳс орқали бутун демократлар жамоасига тушкунлик даврини “совға қилди”. Июль ойининг ўрталарида рўй берган йил воқелиги эса Трампнинг Байденни қувиб ўтишига сабаб бўлди. Унга нисбатан уюштирилган суиқасд эндиликда республикачиларни пойгада олдинга олиб чиққанди. Сўровномалар, таҳлиллар-у тахминларнинг деярли барчаси Трампнинг ғалабасига ишора қилаётганди. Шу кундан бошлаб Байден демократлар ва уларнинг молиявий мегадонорлари босими остида қолиб кетди. 81 ёшли АҚШ тарихидаги энг кекса ва самарасиз президент ҳарчанд уринмасин кенг қаршиликлар оқимига бардош бера олмади. Демократлар ичида хаос бошланганди ва улар Байденни ўйиндан чиқаришни бир амаллаб уддалашди. Бу пайтга келиб республикачилар ва уларнинг номзоди Дональд Трамп президентлик учун яққол фаворит бўлиб олганди. Байден “ишдан чиққан ва яроқсиз эски русумдаги Ford машинаси” сифатида айёр, жисмонан ва руҳан тетик Трампга қарши чиқиши амримаҳол эди. Дастлабки теледебатдан сўнг нақд 67 фоиз томошабин Трампнинг ғалабасига ишора қилгандан сўнг Байденнинг қулаши яқин экани ойдинлашди. Шу пайт демократларнинг молиявий устунлари вазиятни ўзгартириш учун оғриқли қарор қабул қилишга мажбур бўлди. Президентлик учун партиядан кўрсатилиши кутилаётган Байден билан “жанг”ни давом эттириш деярли имконсиз бўлса, сайловга оз қолганда номзодни алмаштириш ва электоратни шу шахсга ўргатишнинг ўзи ҳам яна бир муаммо эди. Бу икки ёмон вариант орасидан нисбатан “яхшироғини” танлаш каби жараён эди. Донорлар иккинчисини танлашга мажбур бўлди.
Шундай қилиб, партиядошларининг чақириқларини бефарқ қолдирмаган Байден президентлик пойгасидан чиқишга мажбур бўлди. Аниқроғи, чиқарилди ва ўзининг вице-президенти Ҳаррис номзодини илгари сурди. Бу эса кутилмаганда пойгадаги интригани янада кучайтирди. Байден Ҳаррисга йўл берган ҳолда ўз вақтида пойгадан чиқиши вазиятни бироз бўлса-да демократлар фойдасига ўнглади. Ҳаррис кампанияси 24 соат ичида рекорд миқдордаги 81 миллион доллар хайрия тўплади. Унинг номзодини демократлар тарихидаги энг муҳим фигуралар қўллаб-қувватлади. Дастлаб Клинтонлар оиласи, ундан сўнг эса бироз кеч бўлса-да, Обамалар ҳам телефон қўнғироғи орқали Ҳаррисга зафар тилади. Шу пайтдан бошлаб амалдаги вице-президент катта тезликда эстафетани қўлга олди. Ҳатто айрим сўровномалар Ҳарриснинг Трамп устидан ғалаба қозониши мумкинлигига ҳам сигнал бера бошлади. Хусусан, Ҳаррис “Reuters” ва “Ipsos” агентликлари томонидан ўтказилган илк миллий сўровномаларнинг бирида собиқ президент Дональд Трампни ортда қолдирди. Ҳаррисни респондентларнинг 44 фоизи, Трампни эса 42 фоизи қўллаб-қувватлади. Сўровда қатнашганларнинг 56 фоизи 59 ёшли Ҳарриснинг “ўткир ақли” ва “қийинчиликларга дош бера олишига” ишонч билдирди. 78 ёшли Трамп ҳақида эса фақат 49 фоиз респондент шундай фикрда эди. Аммо кейинчалик “The New York Times” нашри ва Сиена коллежи биргаликда ўтказган тадқиқотда вазият бироз ўзгарган ҳолда кўрсаткичлар тарозини Трамп томонга босаётганлигини кўрсатди. Фарқ эса ўтган сафаргидек жуда кичик, яъни 1 фоизгина. Унга кўра, сайловчиларнинг 48 фоизи Дональд Трампга, 47 фоизи эса Камола Ҳаррисга овоз беришга тайёр экани маълум бўлди. Бундан кейин ўтказилган сўровлардаги рақамлар ҳам худди шу каби “ўйноқилик” намойиш этган ҳолда бир сафар Ҳаррисга, бошқа сафар эса Трамп томонга тош босиб келди.
Америкаликлар ўз танловларини бошлади
Бугун, 5 ноябрь куни АҚШда президентлик сайлови бошланди. Океан ортидан келган илк хабарларга кўра, овоз бериш жараёни анъанага содиқ қолган ҳолда биринчи бўлиб Нью-Гэмпшир штатининг Диксвилл-Нотч қишлоғида бошланди. Қишлоқ аҳолиси 5 ноябрга ўтар кечаси тунда, маҳаллий вақт билан соат 12:00 дан кейин ўз танловларини амалга ошира бошлади. Маълум бўлишича, мазкур қишлоқда 1960 йилдан бери шаклланган анъанага кўра, сайлов участкаси мамлакатда биринчи бўлиб очилади ва натижалар дарҳол эълон қилинади. Сайлов участкаси жойлашган “The Balsams” меҳмонхонаси вакилининг маълум қилишича, қишлоқнинг олти аҳолиси биринчилардан бўлиб овоз берган. Унга кўра, президентликка ҳар икки номзод – республикачилардан Дональд Трамп ва демократлардан Камола Ҳаррис ҳам 3 тадан овоз олган. Бу эса илк овоз беришдаги натижалар ҳам Ҳаррис ва Трампнинг эҳтимолий ғалабаси ҳақида ярим йил давомида ўтказилган сўровларни деярли такрорлаганини англатади.
Аслида АҚШда президентлик сайловида овоз бериш бир неча кун олдин бошланганди. Бугунги кунда 333 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи Қўшма Штатларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони 168 миллионни ташкил қилади. Расмий сайлов кунига қадар эса шулар ичидан 78 миллиондан ортиғи аллақачон овоз бериб бўлгани қайд этилди. Бу эса шу кунгача овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 45 фоиз америкалик бу имкониятдан фойдаланиб бўлганини англатади.
Штатлар кесимида энг юқори иштирок Техасда бўлиб, у ердаги сайловчилар сони салкам 9 миллионга яқин. Кейинги ўринларда Флорида (8,1 миллион), Калифорния (7,6 миллион), Шимолий Каролина (4,4 миллион) ва Жоржия (4 миллион) каби ҳудудлар туради. Баъзи муҳим ва тебранувчи штатлар, жумладан Жоржия, Мичиган ва Пенсильванияда ҳам овоз бериш жараёни бошланди. Бу ҳудудлар сайловда ҳал қилувчи аҳамиятга эга дея эътироф этилади. Бундан ташқари Вашингтон, Алабама, Иллинойс, Индиана, Луизиана, Массачусетс, Миссури, Флорида, Жанубий Каролина штатларида ва бошқа бир қатор ҳудудларда сайлов участкалари очилган.
Бу дунёнинг кейинги 4 йиллик тақдирининг катта қисмини белгилаб берувчи қарорлар учун Америка фуқароларига очилган эшиклардир. Энди улар баъзи ўлчовлар бўйича Америка тарихидаги энг ёмон икки танловдан бирини танлайди. Бири, тийиқсиз, қарорлари мисли кўрилмаган ва сайловдан бир неча ой илгари қамоққа ташланишга асос бўлувчи жиноятлар билан айбланган, иккинчиси эса Байденнинг муваффақиятсиз дебати ва соғлиғидаги муаммолар туфайли ноқулай шароитлар ортидан, ноиложликдан кўрсатилган номзоддир. Аммо улар ҳарчанд танқид қилинмасин, дунё идеал ва барча талабларга жавоб берувчи “фаришта” лидерга гувоҳ бўлмаган ва Ҳаррис ва Трампнинг ҳам ўзига хос нюанслари борлигини унутмаслик лозим. Иккисининг шу ергача босиб ўтган йўли ва эндиликда америкаликларга бераётган ваъдалари ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади.
Ҳаррис ёки Трамп? Дунё ёки Америка?
Фаолиятининг 20 йилини прокурор сифатида ўтказган Ҳаррис бугун Қўшма Штатларнинг “интернационализм” сиёсатини давом эттириши ва унинг глобал қудратини сақлаб қолишда таянч устун бўлиши кутилаётган бўлса, Трамп доимгидек Қўшма Штатларнинг ички ҳаётига эътибор қаратиши кутиляпти. Аммо 2015 йилда тўсатдан сиёсатда кўриниш берган миллиардер сиёсий техника ва этикетдан бироз йироқ бўлса-да, бугун унинг таъсир доираси кенгайиши ва миллионлаб тарафдорларга эга бўлишидаги асосий сабаб ҳам шу. Яъни у ҳар сайловдан олдин ўзининг асосий иши сифатида америкаликларнинг ҳаёт даражасига эътибор қаратиши ҳамда фақат америкаликлар учун ишлашига ишора қилади.
АҚШ дунёнинг турли чеккаларидаги ҳарбий базалар фаолияти учун ҳар йили бир неча юз миллиардлаб доллар бюджет ажратиб, халқаро можаролардаги иштироки давомида узоқ йиллардан буён 9 триллион долларгача маблағларни сарфлаб юборди. Шундай шароитда ўз чўнтакларидан сарфланаётган бу пулларни ўзларига йўналтиришдан манфаатдор бўлган кўплаб америкаликлар учун Трамп томонидан таклиф қилинадиган концепция жозибадор бўлиб кўриниши мумкин.
Аммо Қўшма Штатлар ўтмишида “интернационализм”дан чекиниш ва маълум йиллар изоляционизм сиёсатини юритиш билан боғлиқ бўлган анчайин тарих мавжуд. Хусусан, 1930 йиллардаги глобал инқироз шароитида АҚШнинг ўша пайтдаги янги сайланган президенти Франклин Делано Рузвельт халқаро мамлакатнинг халқаро масалалардаги иштирокини кескин чеклаган ҳолда нейтралитет мақомида қатъий турди ва изоляционизм сиёсатини давом эттирди. Қатор давлатлардаги сиёсий можаролар, фуқаролик урушлари ва бошқа масалаларга бош суқмади. Қўшма Штатлар ҳатто Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки йилларида ҳам дунё саҳнасида деярли кўриниш бермади. АҚШ ташқи сиёсатидаги дафтар ўша пайтда “оппоқ варақлар”дангина иборат эди. Аммо вақт ўтиб, бу сиёсат хато бўлиб чиқди. Аммо АҚШ сиёсатдонлари мамлакатнинг узоқ йиллик ушбу сиёсати аслида нотўғри бўлганини англаганда жуда кеч эди. Чунки бу маҳалда Япония флоти АҚШнинг Тинч океанидаги энг асосий базаси ҳисобланадиган Пёрл-Харборни яксон қилаётганди. 1941 йил 7 декабрда содир бўлган бу воқеадан сўнг АҚШ ўзининг то ҳозиргача давом этиб келаётган “интернационализм” сиёсатига қайтди.
Аммо Трампнинг нейтралитет мақоми ва бошқа давлатларнинг ишига аралашмаслик сиёсати Франклин Рузвельтникидан кескин фарқ қилади. У дастлаб 2016 йили айнан шу ваъдалар билан ҳокимият тепасига келганига қарамай, ўзининг бу концепциясига содиқ қолмади. Ўз мандатининг сўнгги йилларида Яқин Шарқ борасидаги бир қанча кескин ва тезкор қарорлари шулар жумласидандир. У бугун Украинага қурол юбормаслик, Зеленский ҳукуматини молиялаштиришни тўхтатиш ва бу АҚШ гарданидаги вазифа эмаслиги каби сигналлар бериш орқали баъзи доираларда яхшигина “очко” олишга эришди. Аммо Яқин Шарқ Дональд Трамп учун севимли “ўйин майдони” экани ва унинг ультра исроилпарастлиги ҳисобга олинса, миллиардер сиёсатчи президентликка қайта сайлангудек бўлса, у томонидан айтилган “давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик” ҳақидаги сўзлар қуруқ ваъдалигича қолиб кетиш эҳтимоли юқори.
LiveБарчаси