ҲАМАС қуролсизлантирилмагунча Ғазодан қўшинлар олиб чиқилмайди – Нетаньяху
Олам
−
08:19 481 3 дақиқа
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазодаги урушни тугатиш бўйича янги режасини тўлиқ қабул қилмаслигини билдириб, ҲАМАС қуролсизлантирилмагунча Исроил қўшинлари Ғазодан чиқмаслигини айтди. Бу ҳақда Нетаньяху кеча, 9 август куни ўнг қанот ҳукумати йиғилишида сўз очди.
Унинг таъкидлашича, Исроил ҳарбийлари ҲАМАС қуролсизлантирилгунча Ғазодан бирор қисмни ҳам тарк этмайди.
“Исроил 15 банддан иборат ҳужжатни қабул қилмайди. Ҳарбийлар ҲАМАС қуролсизлантирилмагунча ҳеч қандай чекинишни амалга оширмайди. Биз оғир қуроллар, енгил қуроллар – барча қуроллар ҳақида гапиряпмиз”, деган Нетаньяху.
У ҳақиқий қуролсизлантириш талаб қилинаётганини, “сохта қуролсизлантириш” қабул қилинмаслигини таъкидлаган. Нетаньяхунинг айтишича, Исроил ҳозир АҚШ билан режа юзасидан музокара олиб бормоқда.
Трамп ўтган ой урушни тугатиш бўйича режасида “муҳим силжиш”га эришилганини маълум қилганди. Унинг 15 банддан иборат режасига кўра, ҲАМАС қуролсизланиши, Исроил қўшинлари Ғазодан чекиниши ва анклав хавфсизлигини янги Фаластин полицияси ҳамда Халқаро барқарорлаштириш кучлари таъминлаши керак.
Бироқ томонлар режани амалга ошириш муддатлари борасида келиша олмаяпти. Исроил ҲАМАС қуролсизланмагунча қўшинлар чекинмаслигини айтса, ҲАМАС қуролсизланишга оид келишувни амалга оширишдан олдин Исроил ҳужумларни тўхтатиши ва қўшинларини олиб чиқиши кераклигини билдирган.
ҲАМАСнинг юқори мартабали вакили Басем Наим эса кеча, 9 август куни гуруҳ Қоҳирада воситачилар билан 10 кун олдин келишилган йўл харитасига содиқ қолишини айтган.
“Биз воситачилар ва АҚШ кафили Нетаньяху ҳамда унинг ҳукуматини йўл харитасига амал қилишга ва ички сиёсий ҳамда сайлов сабаблари билан жараёнга тўсқинлик қилмасликка ундашини кутяпмиз”, деган Наим.
Айни пайтда Исроил Ғазода ҳарбий ҳаракатларни сезиларли даражада камайтирган. Манбага кўра, 3 август куни АҚШ Президентининг Ғазо бўйича вакили Николай Младенов Нетаньяху билан учрашганидан кейин Исроил армияси Ғазода фақат “зудлик билан таҳдид” деб баҳоланган ҳолатларга қарши ҳаракат қилиши ва деярли ҳар куни амалга оширилаётган мақсадли ҳужумларни тўхтатишига келишилган.
Исроилнинг ўнг қанотдаги Молия вазири Безалел Смотрич эса Нетаньяхунинг позициясини қўллаб-қувватлаган. У Исроил урушга ҲАМАСни йўқ қилиш мақсади билан кирганини ва Ғазо секторидаги қўшинларни ҳатто “бир миллиметр”га ҳам олиб чиқмаслик кераклигини айтган.
Трампнинг режасига кўра, ҲАМАС қуролларини АҚШ қўллаб-қувватлайдиган фаластинлик технократлар маъмуриятига топшириши керак. ҲАМАС эса “қуролсизланиш” атамасини ишлатмасдан, қуролларни сақлаш учун топширишга рози бўлганини билдирган. Гуруҳ келишув амалга оширилиши Исроилнинг ўз мажбуриятларини, жумладан, қўшинларни олиб чиқишни бажаришига боғлиқ эканини айтган.
Шунингдек, Ғазода октябрь ойида эришилган сулҳ келишувидан кейин ҳам Исроил ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумида қатнашган жангариларни таъқиб қилишини билдирган.
Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, сулҳдан кейин Исроил ҳужумларида 1 250 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари.
Айни пайтда Исроил қўшинлари Ғазо ҳудудининг учдан икки қисмини эгаллаб тургани, икки миллиондан ортиқ аҳолининг деярли барчаси эса соҳил бўйидаги ҲАМАС назоратидаги тор ҳудудда жамлангани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалоқ ҲАМАС гуруҳи АҚШ Президенти Дональд Трамп раҳбарлигида ташкил этилган Фаластин маъмурий қўмитасига қуролларининг бир қисмини топширишга тайёр экани айтилганди.
Live
Барчаси