ҲАМАС Исроилнинг Саудия билан алоқаcини бузишни хоҳлайди – Байден 

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден ҲАМАСнинг ҳужумлари Исроил ва Саудия Арабистони муносабатларига путур етказиш мақсадида уюштирилганини айтди. Бу фикрни у бугун, 21 октябрь куни маблағ йиғиш маросимида билдирди.

“Улар менинг саудияликлар билан музокара столига ўтираётганимни билишарди. Саудияликлар Исроилни тан олиб, Яқин Шарқни бирлаштириш ниятида эди”, дейди Байден 

АҚШ етакчисига кўра, ҲАМАСнинг Исроилга ҳужум қилиши сабабларидан бири шундаки, у Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёнини бузиши керак бўлган.

Аввалроқ, тўғрироғи ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумининг эртаси куни – 8 октябрда АҚШ Давлат котиби Антони Блинкен ҳам худди шундай фикр билдирган. 
“Қаранг, муносабатлар нормаллашишига ким қарши? ҲАМАС, “Ҳизбуллоҳ”, Эрон. Шунинг учун мотивациянинг бир қисми Саудия Арабистони ва Исроилни, шунингдек, Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришдан манфаатдор бўлиши мумкин бўлган бошқа мамлакатларни бирлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни бузиш бўлиши мумкинлиги ажабланарли эмас ", деб тушунтирган Блинкен.

Исроилнинг Ғазога ҳужуми бошлангач Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон блокададаги Ғазо секторига зарба беришни тўхтатиш зарурлигини маълум қилган.

"Биз бугун Ғазо секторида зўравонлик кучайиб бораётганидан қайғудамиз, бунинг учун бегуноҳ фуқаролар товон тўлаяпти",  деган у.

Маълумот учун, Исроил ва Саудия Арабистони ўртасида дипломатик алоқалар йўқ. Бироқ, АҚШ маъмурияти Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Марокаш, Судан ва Исроил ўртасида эришилган келишувга ўхшаш Ар-Риёд ва Тель-Авив ўртасида воситачилик қилмоқда.

Исроил-Фаластин можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Сўнгги маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида Ғазода ҳалок бўлганлар сони 4,3 мингдан ошди, улардан 1756 нафари болалар. Шунингдек, 13,5 мингдан ортиқ киши жароҳат олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Байден Саудия ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг