Ғазода 14 минг бола Исроил агрессияси қурбони бўлди
Олам
−
20 Март
3773Исроил армиясининг Ғазо секторига 7 октябрдан бери давом этган зарбалари оқибатида фаластинлик 14 минг бола ва 9220 нафар аёл ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ғазо сектори ҳукумати баёнотига таяниб, “Anadolu” агентлиги хабар берди.
Баёнотга кўра, Исроил ҳарбийлари 2807 та қирғин содир этган. 7 минг киши вайроналар остида қолиб, бедарак йўқолган. Ўлганларнинг умумий сони 31 819 нафарни ташкил этган, 73 934 киши эса жароҳатланган.
Шунингдек, 27 бола тўйиб овқатланмаслик ва сувсизлик туфайли вафот этган. Исроилнинг инсонпарварлик ёрдамини блоклаши озиқ-овқат ва сув танқислигига сабаб бўлмоқда. 7 октябрдан бери Исроил армияси Ғазо секторида 70 минг тонна портловчи моддадан фойдаланган.
"Исроил ҳужумларида 364 тиббиёт ходими, 48 фуқаролик мудофааси ходими ва 135 журналист ҳалок бўлган. Ғазо секторидаги 17 минг бола ота-онасидан айрилиб, тиббий ёрдам ва дори-дармон етишмаслиги туфайли 60 минг ҳомиладор аёл сурункали касалликка чалинган", дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, Исроил аскарлари 269 тиббиёт ходими ва 10 нафар журналистни ҳибсга олган. Ғазонинг 2-3 миллионлик аҳолисидан 2 миллион киши уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. 70 мингта уй бутунлай вайрон бўлган, яна 290 мингтаси яшаш учун яроқсиз ҳолга келган. Исроил армияси 168 та давлат муассасаси, 100 та мактаб ва университетни вайрон қилиб, 305 та мактаб ва университетга қисман зарар етказган.
Шунингдек, Исроилнинг зарбаларидан сўнг 290 та масжид яроқсиз ҳолда, 224 таси бутунлай яксон бўлган, 3 та черков вайрон бўлгани айтилмоқда. Шунингдек, 155 та тиббиёт муассасаси нишонга олиниб, 53 та тиббиёт маркази, 32 та шифохона ва 126 та тез тиббий ёрдам машинаси ишдан чиққан. Исроил Ғазо секторидаги 200 та тарихий ва маданий обидаларни вайрон қилиб, Фаластин маданий меросига ҳам жиддий зиён етказган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) Бош комиссари Филипп Лаззарини Исроилнинг 2023 йил 7 октябрдан бери уюштирган ҳужумлари оқибатида Ғазода ҳалок бўлган болалар сони сўнгги йилларда дунё бўйлаб урушларда ҳалок бўлган жами болалар сонидан ошиб кетгани ҳақида маълум қилганди. У ўзининг Х (собиқ Твиттер) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Исроилнинг Ғазога ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган болалар ҳақида гапирган.
Мадина Отабоева
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15