Навальная Путинни президент сифатида тан олмасликка чақирди
Олам
−
13 Март
8028Ўтган ой Россия қамоқхонасида вафот этган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг беваси Юлия Навальная Ғарб давлатларини яқинда Россияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари натижаларини тан олмасликка ва Владимир Путинни Россиянинг бешинчи муддатга сайланадиган Президенти сифатида қабул қилмасликка чақирди. Бу ҳақда у бугун, 13 март куни “The Washington Post” газетасида чоп этилган мақоласида ёзди.
"Дунё ниҳоят тан олиши керакки, Путин ўзи кўринишни истагандек шахс эмас. У золим, уруш жиноятчиси ва қотилдир", дейди Навальная.
“The Washington Post” газетасидаги мақола “Путин сиёсатчи эмас, балки бандит” деб номланган. У Навальний Россияда президентлик сайловларига бир ой қолганда “Путиннинг бевосита буйруғи билан” колонияда ўлдирилгани ҳақидаги таъкид билан бошланади. Юлия Навальнаянинг ёзишича, унинг эри кўп йиллар давомида Россия Президентининг мақсади ҳақида гапириб келган ва энди у мухолифатчининг асосий фикрларини такрорламоқчи.
Навальнаянинг сўзларига кўра, Ғарбдаги кўплаб сиёсатчилар Путинни қонуний сиёсий лидер деб ҳисоблашда янглишмоқда.
“У ўз атрофидагилар каби бандит ва ҳокимиятни фақат ўз бойлиги учун эгаллаб олган ва ушлаб турибди. Путинни мафия гуруҳи раҳбари сифатида кўринг", деб ёзади Навальная.
Унинг фикрича, агар унинг мақоми шубҳа остига олинса, Путин мағлуб бўлиши ёки “жазоланиши” мумкин ва Путиннинг қонуний Президент сифатида тан олинмаслиги Россиядаги фуқаролик жамияти ва элитаси учун муҳим сигнал бўлади.
Навальнаянинг яна бир таклифи – Путиннинг яқин шерикларига нисбатан санкцияларни кучайтириш ва Россия расмийларининг минглаб вакиллари ёки улар билан алоқадор шахсларга нисбатан янги санкциялар жорий этиш. Навалная, шунингдек, Украинани қўллаб-қувватлашга чақиради ва Украинадаги мағлубиятнинг ўзи ҳам Путиннинг қулашига олиб келмаслигини таъкидлайди. Шунинг учун, унинг фикрича, Россиянинг ўзида ҳам Путинга қарши кучларни қўллаб-қувватлаш муҳим.
Унинг таъкидлашича, ҳатто репрессияларга қарамай, Россияда кўпчилик Путин ва урушга қарши туришда давом этмоқда. Навалная эрининг россияликларга сўнгги чақириғи 17 март куни бўлиб ўтадиган “Путинга қарши” митингида қатнашиш бўлганини таъкидлади.
“Сохта сайловлар натижаларини тан олманглар, Путинни қонуний Президент сифатида тан олманглар”, деб ёзади у.
Маълумот учун, Навальная ва мухолифатчининг шериклари Путинни Алексей Навальнийни ўлдиришда айблаган эди. Хусусан, улар Навальний колонияда унинг алмашинувини бузиш учун ўлдирилганини даъво қилган. Бунинг тўғридан-тўғри далиллари ҳали тақдим этилмаган. Россия расмийлари илгари турли сиёсий айблар билан узоқ муддатга қамалган Навальний табиий сабаблар туфайли вафот этганини даъво қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навальная Европа парламентида ҳам худди шундай чақириқ билан чиққан эди.
LiveБарчаси