Рим Папаси шифохонага тушиб қолди
Олам
−
28 Февраль
4676Рим Папаси Франциск Ватиканда умумий аудиторияни қабул қилганидан сўнг шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Муқаддас тахт (Ватикан давлат котибияти) матбуот хизмати хабар берди.
"Умумий аудитория қабулидан сўнг Рим Папаси Франциск тиббий кўрикдан ўтиш учун Гемелли Изола Тиберина шифохонасига борди", дейилади манбада.
Маълум қилинишича, 4 кун олдин, 24 февраль куни 87 ёшли понтифик ҳафталик қабулни ва енгил грипп аломатларидан шикоят қилиб, Рим епархияси диаконлари билан учрашувни бекор қилишга мажбур бўлган.
“Азиз биродарлар ва опа-сингиллар, мен ҳали ҳам бироз касалман ва ўзимни шамоллатиб қўйганман чоғи”, деган Папа ўшанда.
Шунингдек, 2023 йилнинг декабрь ойида Рим Папаси грипп ва пневмония таъсири туфайли Дубайдаги иқлим учрашувига режалаштирилган сафарини бекор қилишга ҳам мажбур бўлган эди.
Қайд этилишича, 87 ёшли черков раҳбари бир нечта сурункали касалликларга чалинган ва ногиронлар аравачасида ҳаракатланишга мажбур бўлиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, Рим Папаси Франциск Ватикан ташқарисида ўз қабрини "аллақачон тайёрлаб қўйгани" ва оддийроқ дафн маросимини ўтказишни режалаштираётганини айтган эди.
LiveБарчаси