Арманистон Россиянинг Украинадаги иттифоқчиси эмас – Пашинян
Олам
−
19 Февраль
4761Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Ереван Украина масаласида Москванинг иттифоқчиси эмаслигини айтди. Унинг сўзларини “Armtimes” келтирмоқда.
“Мен узоқ вақтдан бери Арманистон Украина масаласида Россиянинг иттифоқчиси эмаслигини айтиб келмоқдаман. Ва бу бизнинг самимий позициямиз. Бу вазиятга таъсир ўтказа олмаслигимиз бизга жуда оғриқли. Украина халқи дўстона халқ”, дейди сиёсатчи.
Шу билан бирга, Пашинян республика ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни диверсификация қилиши кераклигини айтди.
"Бошқа йўл йўқ", дея қўшимча қилган Арманистон Бош вазири.
Шунингдек, Арманистон ҳукумати раҳбари 1991 йилги Олмаота декларацияси мавжудлигини эслатган. Унда Совет Иттифоқининг собиқ республикалари, жумладан, Россия ва Украина бир-бирининг чегараларини тан олган.
“Биз тушунамизки, Олмаота декларацияси мустақиллигимиз ва ҳудудий яхлитлигимизни тан олиш учун асос бўлиб, бизнинг мантиққа кўра, Украина мисолида ҳам худди шундай бўлиши керак. Чунки бу ҳужжат барчамизга тегишли. Агар биз буни йўқ қилсак, ҳамма нарса қулаши мумкин ", дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Никол Пашинян Ереван ҳарбий-техникавий ҳамкорлик учун янги шериклар қидираётганини, чунки мамлакат буни олдинги каби фақат Россия билан амалга ошира олмаслигини маълум қилганди.