Метан “заправка”ларнинг иш фаолияти яна чекланиши мумкин
Жамият
−
15 Февраль
7300Ўзбекистонда ҳавонинг кескин совиши ортидан яқин орада метан “заправка”лар иш жадвалига ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, “Ўзгидромет” 16-18 февраль кунлари мамлакат бўйлаб ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши тўғрисида хабар берган. Шу муносабат билан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш чоралари кўрилишини маълум қилди.
Билдирилишича, истеъмолчиларга табиий газни бир маромда етказиб бериш мақсадида республика бўйича 262 та авария бригадалари шай ҳолатга келтирилган.
“Ҳудудгазтаъминот” совуқ кунларда газ истеъмолининг ортиши муносабати билан, автомобильга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)да навбатлар ва ноқулайликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида ҳайдовчилардан ўз автомобилларини ёнилғи билан таъминлаб олишларини сўради.
Айтилишича, айни вақтда мамлакатдаги барча АГТКШлар 24 соатлик режимда фаолият юритмоқда, аммо яқин орада маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда уларнинг иш графиги ўзгариши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 8 декабрь куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг иш соатларига чекловлар ўрнатилганди. Энергетика вазирлиги республикадаги барча метан “заправка”лари соат 6:00 дан соат 15:00 га қадар ишлашини хабар қилганди. Орадан кўп ўтмай, 12 декабрдан мамлакатга совуқ об-ҳаво массаси кириб келгани сабабли автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари фақат соат 06:00 дан 12:00 гача ишлай бошлади. 13 декабрь куни эса Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги “метан заправка”лар фаолиятига қўшимча чекловлар киритилди. Ушбу ҳудудлардаги 1179 та “заправка”дан 547 таси ишлаётгани маълум қилинди. Орадан икки кун ўтиб, 15 декабрда қўшимча чекловлар юмшатилди.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси