Туркия Марказий банки раҳбари коррупция айбловлари ортидан истеъфога чиқди

Олам

image

Туркия Марказий банки раҳбари Ҳафизе Гайе Эркан коррупция айбловлари туфайли истеъфога чиқди. У Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ўз истеъфосини йўллади. Бу ҳақда Эркан кеча, 2 февраль куни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Туркия Президенти Эрканнинг собиқ ўринбосари, аввал Нью-Йорк Федерал захира банкида ишлаган ва Amazon’нинг бош иқтисодчиси бўлган Фотиҳ Караҳанни Марказий банкнинг янги раҳбари этиб тайинлади.

Ҳафизе Гайе Эркан илгари узоқ вақт АҚШда яшаган ва Goldman Sachs, Marsh McLennan ва First Republic Bank каби Америка банкларида ишлаган. У Туркия Марказий банкини бошқарган биринчи аёл бўлди ва 2023 йилнинг ёзида унга раҳбарлик қилиб, юқори инфляцияга қарши кураш учун асосий ставкани кескин оширишни бошлади. Банк охирги марта январь ойи охирида ставкани ошириб, уни 45 фоиз қилиб белгилаган эди. Ўтмишда Эрдўған узоқ йиллар давомида бундай молиявий сиёсатга қарши чиққан эди.

Эрканнинг истеъфоси олдидан Туркия матбуотида мамлакат бош банкирининг "қариндош-уруғчилик"ка йўл қўйгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Уларда айтилишича, Эрканнинг отаси банк ҳисобидан офис, хизмат машинаси ва қўриқчидан фойдаланган. Бундан ташқари, Эрдўған Эрканнинг “Hürriyet” газетасига берган интервьюсидан ғазаблангани хабар қилинган. Ўшанда у уй-жой нархлари сабаб Истанбулдан квартира топа олмагани учун ота-онасиникига қайтганини айтган.

Ҳафизе Гайе Эркан ўзининг истеъфо мактубида "унга қарши кенг кўламли обрўсига путур етказиш кампанияси уюштирилганидан" шикоят қилган. Марказий банк раҳбари лавозимини бўшатишга қарор қилиб, у “оиласига ва бир ярим ёшли боласига зарар етказилишининг олдини олишга ҳаракат қилаётгани”ни билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Ҳафизе Гайе Эркан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг