Грузия Бош вазири истеъфога чиқди
Олам
−
29 Январь
8973Бугун, 29 январь куни Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили ўз лавозимини тарк этишини маълум қилди. Бу ҳақда у ҳукумат брифингида сўз очди.
"Мен жамоа билан муҳокама қилган қароримиз ҳақида жамоатчиликни хабардор қилмоқчиман. Бугун мен Бош вазир лавозимини тарк этаман", деган у.
Бундай қарор сабаблари ҳақида гапирар экан, Гарибашвили ўтган йил охирида ўзининг уч йиллик фаолияти юзасидан ҳисобот тақдим этганини таъкидлади.
“Ички, ташқи, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий инқироз шароитида, оғир даврда иккинчи муддатда ҳукумат раҳбари сифатида ишладим”, дейди Гарибашвили эришилган натижалардан фахрланишини таъкидлаб.
Шунингдек, у ҳукмрон “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партиясининг асосий тамойилларидан бири ротация эканини қўшимча қилди.
“Жамоада муваффақиятли етакчилар кўп, бошқаларга ҳам имконият бериш керак. Бундан ташқари, олдимизда янги вазифалар турибди, биз ёзда янги парламентни сайлаймиз, “Грузия орзуси” эса сайловларда ишончли ғалабага тайёргарлик кўриши керак”, дейди Гарибашвили.
Унинг айтишича, ҳукмрон "Грузия орзуси - Демократик Грузия" партияси сиёсий кенгаши уни сиёсий уюшмага раисликка таклиф қилган.
"Сиёсий кенгашдан партия раислигига таклиф олдим. Шу муносабат билан 1 февралда қурултой бўлиб ўтади", дейди Гарибашвили.
Маълумотларга кўра, 2021 йил февралидан бери ҳукуматни бошқариб келаётган Гарибашвилига партия сиёсий кенгаши ёзгача, яъни парламент сайловлари учун сайловолди кампанияси бошланишига қадар истеъфога чиқиш тўғрисида қарор қабул қилишни таклиф қилган. Лекин у ўз лавозимини ҳозир тарк этишга қарор қилди.
"Янги Бош вазир янги жамоани ўз вақтида таништириб, янги ҳукуматни шакллантириши муҳим. Янги Бош вазирга омад тилайман", дея сўзнини якунлаган Гарибашвили.
Норасмий маълумотларга кўра, “Грузия орзуси”нинг амалдаги раиси Ираклий Кобахидзе янги Бош вазир бўлади.
Маҳаллий “Imedi” телеканали 24 январь куни ҳукмрон партия сиёсий кенгаши йиғилишида Кобахидзе Грузиянинг янги Бош вазири, Гарибашвили эса партия раиси лавозимини эгаллаши ҳақида қарор қабул қилингани ҳақида хабар берган. Кадрлар ўзгариши 1 февраль куни “Грузия орзуси” конгрессида амалга оширилиши кутилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь