Ўзбекистонда қанча ишсиз одам борлиги айтилди
Жамият
−
08 Январь
27581Бугун, 8 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда ишсизлар сони 1 миллион 300 минг нафарни ташкил қилади. Билдирилишича, бу йил яна 2 миллион 400 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келади.
Қайд этилишича, сифатли ва юқори даромадли иш ўринлари ҳисобига жорий йилда 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган. Жумладан, хизматлар соҳасида 2,5 миллион, қишлоқ хўжалигида 2,1 миллион, инвестиция лойиҳалари ва саноатда 250 минг, қурилишда 140 минг иш жойи яратиш имконияти бор.
Таъкидланишича, замонавий молиявий инструментлар, жумладан, микромолиялашнинг янги тизимини кенг жорий қилиш орқали 2 миллион аҳолини бизнесга жалб қилиш кўзда тутилмоқда.
Тақдимотда мутасаддилар 2024 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури бўйича ахборот берган. Шавкат Мирзиёев бу дастурни маъқуллаб, уни амалга ошириш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берган.
Шунингдек, сўнгги йилларда 2 миллион 400 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилгани таъкидланиб, энди уларнинг фаолиятини кенгайтириш, босқичма-босқич кичик бизнесга ўтказиш ва бозор топишига кўмаклашиш муҳимлиги айтилган. “Менинг бизнесим” платформаси, “Бизнесга биринчи қадам” банк карталари жорий этилиши бунинг учун қулайлик яратгани қайд этилган.
Бундан ташқари, иқтисодий айланмага киритилмаган ерларни инфратузилмага улаш, лойиҳаларни ишга тушириш учун ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланган. “Агрегатор” тизими асосида “100 минг экспортчи деҳқон” дастури жорий қилиниб, бу йил 15 минг гектар ер майдонлари аукционга чиқарилиши белгиланган.
Шу билан бирга, меҳнат стажига эга бўлмаган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш, ижтимоий реестрдаги фуқароларни ишга олган корхоналарга солиқ бўйича енгилликлар қўллаш муҳимлиги ҳам айтиб ўтилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига эса янги иш ўринлари яратиш бўйича қўшимча захира ва имкониятларни аниқлаш вазифаси қўйилган.
Тақдимотда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш тартибини соддалаштиришга оид таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
Маълумки, бу йил ўзбекистонда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Бизнесни юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш мақсад қилинган.
“Айтиш жоизки, шу пайтгача тадбиркорлардан мавжуд маълумотларни қўшимча равишда талаб қилиш ҳолатлари бор эди. Жорий йилдан бошлаб 34 турдаги ҳисоботлар бекор қилинмоқда. Бунинг натижасида ҳар йили 21 мингдан ортиқ тадбиркорнинг 500 миллион сўм харажати тежалади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Президент тадбиркорлар томонидан тақдим этиладиган ҳисоботларнинг ягона рўйхати тасдиқланмагани сабабли ягона ҳисоботлар тизимини жорий қилиш бўйича топшириқ берган.
Бундан ташқари, тадбиркорларга мажбурий талабларни қисқартириш мақсадида 16 та лицензия ва рухсатномани бекор қилиш лозимлиги белгиланган.
Бу борада берилаётган енгилликларни тадбиркорларга етказиш, уларнинг таклифларини доимий ўрганиб, статистик ҳисоботларни янада мақбуллаштириб бориш вазифаси қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни Президент раислигида мудофаа қурилиши ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтганди. Унда Шавкат Мирзиёев мудофаани кучайтириш бўйича топшириқ берганди. 4 январь куни эса Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.