Қозоғистон “Толибон”ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарди
Олам
−
29 Декабрь 2023
4406Қозоғистон ҳукумати “Толибон” ҳаракатини мамлакатда фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга қарор қилди. Бу ҳақда Республика Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров “Казинформ”га берган интервьюсида маълум қилди.
“Қозоғистон Республикасида тақиқланган террористик ташкилотларнинг миллий рўйхатини янгилаш мақсадида мунтазам равишда аудит ўтказилади. Ушбу жараён доирасида БМТ амалиётига мувофиқ “Толибон” ҳаракатини ундан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шундай қилиб, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мажбурий бўлган резолюцияларига кўра, "Толибон" ҳаракати БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан террорчи деб тан олинган ташкилотлар рўйхатига киритилмаган”, дея тушунтирди Смадияров.
ТИВ расмий вакили Қозоғистон ва “Толибон” ўртасидаги дипломатик алоқалар қандай ривожланишига ҳам аниқлик киритди.
“Сиёсий алоқаларга келсак, Қозоғистон БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган қарор ва резолюцияларга қатъий риоя қилишда давом этишини алоҳида таъкидламоқчиман”, дейди у.
Маълумот учун, жорий йилнинг 3-5 август кунлари Остона шаҳрида Афғонистон билан қўшма бизнес-форум бўлиб ўтди. Афғонистон томони номидан иқтисодиётнинг турли тармоқларидан, жумладан, банклардан 150 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди. Тадбир якунида Қозоғистон ва Афғонистон ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида 190,8 миллион долларлик шартномалар имзоланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь