Блогер Отабек Аҳлиддинов 7 йил-у бир ойга қамалди
Жамият
−
19 Декабрь 2023
12063Аввалроқ, тиббиёт соҳасидаги фаолияти давомида пулларни ноқонуний ўзлаштириш билан айбланиб, судланган блогер Отабек Аҳлиддиновнинг қамоқ муддати Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди ҳукми билан 7,1 йилга узайтирилди. Бу ҳақда “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Гап шундаки, Отабек Аҳлиддинов Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги марказий поликлиниканинг бўлим раҳбари лавозимида ишлаган. У 200 миллион сўмдан ортиқ пулни ўзлаштиришда айбланган ва шу йилнинг сентябрида қамоққа олинган.
Дастлаб у жиноят ишлари бўйича Хонобод тумани суди ҳукми билан 5,1 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Сўнг прокуратуранинг протести асосида аппеляция суди ишни қайта кўриб, муддатни 7,1 йилга узайтирди.
Маълумот учун, Отабек Аҳлиддинов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти аъзоси эди.
У Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган. Шунингдек, жамиятга юборилган суд ажрими нусхасида айбланувчига 165-модда билан ҳам жавобгарлик белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди аппеляция судлов ҳайъатининг 13 декабрь кунидаги суд мажлисида блогер Эмине Караманова (Лемара Мирзааҳмедова)га нисбатан қуйи инстанция судининг 7,5 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилганди.