Макрон Исроилни Ғазо секторини бомбардимон қилишни тўхтатишга чақирди
Олам
−
11 Ноябрь 2023
4668Франция Президенти Эммануэль Макрон Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбаларини қоралади. Бу ҳақда у BBC’га берган интервьюсида гапирди.
Франция Президентига кўра, Исроилнинг Ғазога зарбалари асоссиздир. Унинг таъкидлашича, Исроил мудофаа кучларининг ҳаракатлари қонуний эмас, чунки ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли ҳалок бўлмоқда.
“Аслида, бугун тинч аҳоли бомбаланмоқда, бу факт. Болалар, аёллар, қариялар бомбардимон қилинмоқда ва ўлдирилмоқда. Демак, бунинг ҳеч қандай асоси ва қонунийлиги йўқ. Шунинг учун биз Исроилни тўхташга чақирамиз”, дейди Макрон.
Президентнинг аниқлик киритишича, ҳозирги вазиятдан чиқишнинг ягона йўли инсонпарварлик паузаси ва кейинчалик ўт очишни тўхтатишдир. У "Ғазони бомбалаш" Исроилни ҳимоя қилишнинг энг яхши усули эканлигига ишонмаслигини айтган. Макроннинг фикрича, бу можаронинг чўзилишига олиб келиши мумкин.
Шу билан бирга, Макрон халқаро ҳуқуқ бузилган ёки бузилмаганини баҳолаш унинг вазифаси эмаслигини қўшимча қилган. Бундан ташқари, у Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олган ва ҲАМАСнинг “террорчилик ҳаракатлари”ни сўзсиз қоралаган.
Францияда ҲАМАС террорчи ташкилот сифатида тан олинган. Макрон Францияда энг катта мусулмон ва энг катта яҳудий жамиятлари борлигини таъкидлаб, барча дин вакилларини “антисемитизмга қарши бирлашишга” чақирган.
Президентнинг айтишича, французлар Исроилнинг "дарди” ва унинг терроризмдан халос бўлиш истагига шерик. Бироқ нима бўлишидан қатъи назар, тинч аҳолини бомбардимон қилиш нотўғри, деган у.
“Бу бизнинг принципларимиз туфайли барчамиз учун жуда муҳим, чунки биз демократик давлатлармиз. Ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ва Исроил хавфсизлиги учун барчанинг ҳаёти аҳамиятли эканини тан олиш муҳим”, дея қўшимча қилган Макрон.
Маълумот учун, шу ҳафтада Парижда Ғазо секторидаги гуманитар вазият бўйича халқаро конференция чақирилди. Тадбирда Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатишга чақириқлар бўлди. Бироқ Исроил тадбирда иштирок этмади.