Эронда Маҳса Амини ҳақида ёзган журналистлар қамалди
Олам
−
25 Октябрь 2023
8552Эронда “номақбул” ҳижоб кийгани сабаб ҳибсга олинган ва ўлдирилган 22 ёшли Маҳса Амини ҳақида ёзган мақоласи сабаб Нилуфар Ҳамдий ва Элах Муҳаммадий исмли журналистлар қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар берди.
Суд 22 октябрь куни бўлиб ўтган ва ҳукмга кўра, ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган икки журналист етти йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Билдирилишича, Эрон суди икки журналистни “АҚШ ҳукумати билан ҳамкорлик қилиш” ҳамда фитна уюштирганликда айблаган. 36 ёшли Муҳаммадий АҚШ билан ҳамкорлик қилгани учун 6 йилга, 31 ёшли Ҳамдий эса худди шу жиноят учун 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Бу 20 кун ичида шикоят қилиниши мумкин бўлган дастлабки ҳукмдир.
Маҳса Амини вафоти ва намойишлар
2022 йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесди. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо берди. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтди.
Амини пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга “юрак етишмовчилиги” сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчи калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.
Эронда унинг ўлимидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган норозилик тўлқини кузатилди. Уч ой ичида митинг ва юришлар 157 та шаҳар ва аҳоли пунктларини қамраб олган. Уларнинг иштирокчилари демократик ўзгаришларга чақириб, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган репрессияларни қоралади ва ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилди. Сентябрь ўрталаридан бери Эронда жами 18,5 минг киши ҳибсга олинган. Тартибсизликларни бостириш вақтида 507 нафар фаол ва 66 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган.