Ўзбекистоннинг дўсти Ганира Пашаева комага тушгани хабар қилинди
Олам
−
24 Сентябрь 2023
27989Озарбайжон Миллий Мажлиси (парламенти) депутати Ганира Пашаева комага тушиб қолди. Бу ҳақда мамлакатнинг бир неча оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Депутат ёрдамчиси Элбей Гадиров айни пайтда Ганира Пашаева шифохонадалигини, шифокорлар уни комадан олиб чиқиш учун барча чораларни кўраётганини маълум қилган.
Тахминларга кўра, депутатнинг комага тушишига дори-дармонлар сабаб бўлган.
Тиббиёт ҳудудий бирликларини бошқариш уюшмасининг жамоатчилик билан алоқалар ва маркетинг бўлими бошлиғи Замира Одилова Ганира Пашаевага келиб чиқиши номаълум гипотоник ҳолат ташхиси қўйилганини билдирган. Шифохона бош шифокори Камран Мусаевнинг айтишича, Пашаева ҳозирда сунъий нафас олиш аппаратига уланган.
“Оила аъзоларининг илтимосига кўра, депутат тез ёрдам бригадаси томонидан Марказий клиник шифохонага ўткизилди”, дейди Замира Одилова.
Ҳайдар Алиев жамғармаси эса депутатни даволаш билан боғлиқ барча масалаларни ўз зиммасига олган. Тегишли фармойиш жамғарма президенти ва Озарбайжон биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева томонидан берилган.
Маълумот учун, Ганира Алескар қизи Пашаева 1975 йил 24 март куни Озарбайжоннинг Товуз вилоятида туғилган. У 1998 йилдан ANS TV телекомпаниясида мухбир, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаб келган. 2005 йилда у Ҳайдар Алиев жамғармасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлимини бошқарган. 2005 йил 6 ноябрда 105-Товуз сайлов округидан депутат этиб сайланган.
Шунингдек, у 2011 йил апрель ойида Туркиядаги архив материаллари ва гувоҳларнинг сўзларига асосланиб, ХХ аср бошларида турклар арманларга қарши геноцид қилгани ҳақида фильм суратга олган. У Озарбайжон ёзувчиси Ғазанфар Пашаевнинг жияни ҳисобланади.
Ганира Пашаева Ўзбекистонга ҳам тез-тез келиб туради. У сўнгги ташрифида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик палатаси ва Сенатида меҳмон бўлиб, депутат ва сенаторлар билан мулоқот қилган эди. Шунингдек, Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан ҳам учрашув ўтказган. Ганира Пашаева Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида бир неча бор меҳмон бўлиб, Ўзбекистон ҳақида озар тилида китоб нашр эттирган. Шунингдек, унинг шеърлар тўплами ҳам ўзбек тилига таржима қилинган.
LiveБарчаси