Ўзбекистонда 94 та туман ва шаҳар аҳолисини картошка билан таъминлай олмаяпти
Жамият
−
11 Август 2023
7211Бухоро шаҳрида 11 август куни Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда давлат раҳбари Ўзбекистонда 94 та туман ва шаҳар ўз аҳолисининг картошкага бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондира олмаётгани масаласига тўхталди.
Қайд этилишича, сув ресурслари йилдан-йилга камайиб бораётгани ортидан кўплаб мамлакатлар озиқ-овқат танқислиги муаммосига учрамоқда. Бундай шароитда Ўзбекистонда пахта майдонларини қисқартириш ҳисобига аҳолига деҳқончилик қилиши учун 200 минг гектар ер майдонлари ажратилган. Бунинг натижасида 700 минг нафар аҳоли доимий, яна 1,3 миллион нафари мавсумий иш билан таъминланган, 605 минг нафар (90 фоиз) деҳқоннинг даромадлари кўпайган. Шунга қарамай, бугунги кунда республикада 94 та туман ва шаҳар ўз аҳолисини картошка билан таъминлай олмаслиги, 62 таси пиёз, 60 таси сабзи, 84 таси гўшт, 139 таси парранда гўшти ва тухумни бошқа ҳудудлардан олиб келиши маълум қилинган.
Ҳозирда ўзини-ўзи картошка билан таъминлайдиган туманлар сони 112 тага етгани, пиёз – 144 та, сабзи – 146 та туманда аҳолининг эҳтиёжига мос миқдорда етказиб берилаётгани таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат раҳбарининг Бухоро вилоятига амалий ташрифи бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, Президент Ромитан туманидаги “Қаҳрамон” маҳалласида бўлиб, аҳолининг яшаш шароити билан танишди.