Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлашда оқсаётган туманларни танқид қилди
Жамият
−
11 Апрель 2023
8867Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги ёшларнинг бандлигини таъминлаш оқсаётган туманларни кескин танқид қилди. Бу ҳақда у бугун, 11 апрель куни давлат раҳбари раислигида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда айтиб ўтди.
Айтилишича, яратилган шароитга қарамасдан, айрим ҳокимлар ва вазирлар ёшлар масалалари билан жиддий шуғулланмаяпти. Айниқса, Термиз шаҳри, Чироқчи, Касби, Ургут, Шеробод, Ангор, Узун, Музработ, Амударё, Деҳқонобод, Олтинсой, Шароф Рашидов, Асака, Қамаши, Тахиатош ва Пешку туманларида ёшларнинг бандлигини таъминлаш оқсаётгани танқид қилинди.
“Барча раҳбарлар бир нарсани билиб олсин: эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшлар билан ишлаш – биз учун ҳаёт-мамот масаласи! Биз ёшларга бугунданоқ шароит қилиб бермасак, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича инқилобий ташаббусларни илгари сурмасак, Янги Ўзбекистонни қандай барпо қиламиз?” деди давлат раҳбари.
Шунингдек, йиғилишда ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Жумладан:
- 130 минг талаба ёшларга 1,7 триллион сўм таълим кредити берилди, хотин-қизларнинг магистратурада ўқиши бепул бўлди;
- 53 минг нафар эҳтиёжманд талабаларга ўқиш учун контракт пуллари тўланди;
- 81 минг талабага уй-жой ижара тўлови ажратилди, 15,5 минг ёшларга ҳарбий хизмат учун маблағ тўлаб берилди;
- 13 минг ёшларга чет тиллари бўйича сертификат олиш харажати тўлаб берилди;
- “Ёшлар дафтари” орқали 300 минг ёшларга қарийб 600 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.