Ўзбекистонда коррупция учун 20 йилгача қамоқ белгиланяпти

Жамият

image

Олий Мажлис Сенати Жиноят кодексидаги коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни маъқуллади. Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов қайси моддалар ўзгариши ҳақида маълумот берди.

Эндиликда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда) ҳамда Ҳокимият ҳаракатсизлиги (208-модда) жиноятлари ғаразли ниятларда содир этилган бўлса, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, пора олганлик (210-модда), пора берганлик (211-модда) ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик (212-модда) учун йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши белгиланмоқда.

Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими Коррупцияга оид жиноятлар атамаси билан тўлдирилмоқда. 16 та моддада назарда тутилган, шунингдек, коррупцияга оид жиноятларни содир этиш натижасида олинган даромадларга нисбатан содир этилган жиноятлар коррупциявий жиноятлар сифатида қаралади. Булар:

  • 167-модда учинчи қисми “д” банди;
  • 168-модда тўртинчи қисми “г” банди;
  • 192-9, 192-10-моддалари;
  • 192-11-модда иккинчи қисми “в” банди;
  • 205-модда иккинчи қисми “в” банди;
  • 206-модда иккинчи қисми “в” банди;
  • 208-модда иккинчи қисми; 
  • 209-модда иккинчи қисми “в” банди;
  • 210, 211, 212, 213, 214-моддалари;
  • 301-модда иккинчи қисми “б” банди);
  • 243-модда.

“Порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги, коррупцияга оид оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш қўлланилмаслиги белгиланмоқда”, дейилади хабарда.

Қонун Президент томонидан имзолангандан сўнг кучга киради.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Сенат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг