“Human” нашри раҳбарияти номаълум “орган ходимлари” томонидан олиб кетилгани айтилмоқда
3-саҳифа
−
27 Январь 2023
14259Бугун, 27 январь куни соат 10:00 атрофида Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган “Human” интернет-нашри директори Хуршид Далиев, сайт бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва сайтнинг бошқа ходимлари ўзини “орган ходимлари” деб таништирган шахслар томонидан “Human” нашрининг Тошкент давлат аграр университети ҳудудида жойлашган офисидан олиб кетилган. Бу ҳақда сайтнинг Telegram-каналида хабар берилди.
“Орган ходимлари” томонидан офисдаги эшиклар бузиб кирилган ва айни дамда барча маълумотлар, қурилмалар тинтув қилинмоқда”, дейилади хабарда.
“Human” нашри таҳририяти тўсатдан ва огоҳлантиришларсиз олиб кетилган барча инсонлар саломатлиги ва ҳолатидан қаттиқ қайғуда эканини айтиб, уларнинг ҳеч бирига алоқага чиқишнинг иложиси бўлмаётганини маълум қилган.
“Таҳририят ушбу ҳолатни Ўзбекистон Республикаси Президенти сиёсатига мутлақо зид ва сўз эркинлигига таҳдид деб ҳисоблайди”, дея қўшимча қилинган хабарда.
Ҳуқуқни мухофаза қилиш органларидан вазиятга ойдинлик киритилиб, расмий муносабат берилиши сўралган.
Айни пайтда “Human” нашрининг сайти ишламаяпти. Ҳуқуқ-тартибот органларидан расмий изоҳ берилганича йўқ.
LiveБарчаси