“Барчамизда эътироз ва нафрат уйғотди”. Мусаев юракларни эзган видеога муносабат билдирди
Жамият
−
06 Июль 2022
20650Хабарингиз бор, кеча, 5 июль куни шифокор либосидаги эркакнинг тахминан 2 яшарлар атрофидаги болани столга ётқизиб, турли оғир ҳаракатлар билан унинг қўл-оёғини, қорнини эзаётгани, баданини кўтариб, столга ураётгани акс этган видео тарқалган эди. Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевнинг таъкидлашича, ушбу хатти-ҳаракатлар нафақат тиббиёт, балки инсонийлик туйғуларига ҳам ётдир.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалган “уқалаш муолажаси” билан боғлиқ видеолавҳа барчамизда эътироз ва нафрат уйғотди. Чунки ушбу хатти-ҳаракатлар нафақат тиббиёт, балки инсонийлик туйғуларига ҳам ётдир.
Вазирликнинг бу каби ҳолатларга нисбатан позицияси аниқ ва қатъий: биз инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган, қадр-қиммати ва шаънини топтовчи ҳар қандай хатти-ҳаракатга муросасиз муносабатдамиз”, дейди вазир.
Мусаевнинг сўзларига кўра, вазирлик мазкур масала юзасидан ўрганиш натижалари ва хулосаларини, хусусан, уқалаш муолажасини бажарган шахснинг тегишли рухсатнома, сертификат, ижара шартномаси, физиотерапия йўналишида диплом ва малака тоифасига эга бўлмай фаолият юритганига доир фактларни ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этади.
“Ишонамизки, тез орада ушбу ҳолат ўз ҳуқуқий баҳосини олади”, дейди вазир.
Вазир ота-оналардан тегишли лицензия, рухсатнома ва малакага эга бўлмаган кимсаларга фарзандларининг тақдири ва саломатлигини ишониб топширмасликларини, агар бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга дуч келса, дарҳол вазирликнинг 71-241-10-67 ёки 71-241-82-40 телефон рақамларига мурожаат қилишларини сўраган.
Эслатиб ўтамиз, видеолавҳадаги уқалаш сеанси Чилонзор туманидаги 38-оилавий поликлиникада эмас, балки ушбу муассаса биносининг хусусий корхонага тегишли бўлган қисмидаги хоналардан бирида амалга оширилган.
LiveБарчаси