Ижтимоий тармоқда яна юракларни эзадиган видео тарқалди. Сохта “массажист”га чора кўриладими? (видео)
Жамият
−
05 Июль 2022
29460Ижтимоий тармоқларда шифокор либосидаги эркакнинг тахминан 2 яшарлар атрофидаги болани столга ётқизиб, турли оғир ҳаракатлар билан унинг қўл-оёғини, қорнини эзаётгани, баданини кўтариб, столга ураётгани акс этган видео тарқалди. Видео остидаги изоҳларда мазкур ҳолат Чилонзор туманидаги 38-оилавий поликлиникада содир бўлгани ёзиб қолдирилди. Бироқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати буни рад этди.
Вазирликка кўра, видеолавҳадаги уқалаш сеанси Чилонзор туманидаги 38-оилавий поликлиникада эмас, балки ушбу муассаса биносининг хусусий корхонага тегишли бўлган қисмидаги хоналардан бирида амалга оширилган.
Массаж муолажасини бажарган шахс Б.З. мазкур фаолият билан шуғулланиш учун тегишли рухсатнома ва сертификатга, қолаверса, физиотерапия йўналишида диплом ва малака тоифасига эга бўлмаган.
“Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқоридаги ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ўз навбатида, Б.З.нинг хатти-ҳаракатларига тиббий баҳо бериш мақсадида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассисларининг хулосалари олинган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан текширув ишлари давом эттирилмоқда ва уларнинг натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади.
“Болалар ортопедияси амалиётида уқалаш муолажалари кенг қўлланилади ва бунинг қатъий қоида ҳамда талаблари мавжуд. Мазкур жараёнда касаллик тури, боланинг ёши ва ҳолати ҳисобга олиниб, ҳар бир беморга индивидуал ёндашилиши зарур. Аммо энг муҳим талаблардан бири уқалаш муолажаси чоғида кичик ёшли беморда қўрқув бўлмаслиги шарт! Аммо видеолавҳада бола стресс ҳолатида эканини кўрдик. Ҳатто, ёнида яқини ўтирганига қарамай, тинимсиз йиғлаб, безовта бўлмоқда. Бу унинг нафақат жисмоний саломатлиги, балки руҳиятига ҳам жуда ёмон таъсир кўрсатади. Қисқа қилиб айтганда, тиббиётда бундай уқалаш муолажасига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди”, дейди Болалар ортопедияси бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Аҳрорбек Жўраев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь