Венгрия қачон Россияга қарши бориши маълум бўлди
Олам
−
11 Май 2022
16929Венгрия Россия нефтини импорт қилишни тақиқлашни қўллаб-қувватлашга тайёр, аммо Европа Комиссияси (ЕК) бу ҳолатда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун таклиф билдириши керак. Бу ҳақда бугун, 11 май куни Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто маълум қилди ва Брюсселда ҳали тегишли таклифлар бўлмаганини таъкидлади.
Вазирнинг сўзларига кўра, эмбарго Венгрияга қувур орқали келаётган нефть таъминотига тааллуқли бўлмаслиги керак.
“Агар Европа Иттифоқининг Россия нефтини импорт қилишни тақиқлаш бўйича таклифи кучга кирса, бу Венгрияни барқарор энергия билан таъминлашга жиддий таъсир қилади. Бу таклиф иқтисодий атом бомбаси билан бир хил. Венгрияда ёнилғи нархи 55-60 фоизга кўтарилади. Уларнинг қимматлашиши барча маҳсулотлар нархининг кўтарилишига таъсир қилади. Мамлакат бунга дош беролмайди”, деган Сийярто.
Кеча, 10 май куни “Politico” газетаси Европа Иттифоқи Венгрияга Россия нефтига эмбаргони ва умуман Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакетини қўллаб-қувватлаши учун товон пули таклиф қилишга тайёрлигини маълум қилди. Европанинг уч расмийси Будапештга компенсация ЕИнинг янги энергетика стратегиясининг бир қисми сифатида ўтказилиши керак бўлади.
ЕИ мамлакатлари элчилари бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида Украинадаги уруш учун Россияга қарши олтинчи санкциялар пакети параметрлари бўйича келишувга эриша олмаяпти. Кеча куни Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррель “бир қатор қийинчиликлар ҳали ҳам сақланиб қолаётганини” айтди. У бу масалани 16 май куни Европа Иттифоқи кенгашининг Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги йиғилишида муҳокама қилиш зарурлигини истисно этмади.