Журналистни “шес секунд”да шарманда қилмоқчи бўлган ким? – QALAMPIR.UZ расмий баёноти
Жамият
−
07 Август 2021
110968Бундан бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда Olmazor city’да жойлашган кўп қаватли уйларнинг бири балконида шахси номаълум аёл ва эркак ишқий муносабати акс этган номақбул видео тарқатилган эди. Орадан вақт ўтиб, 2021 йил 7 август куни ижтимоий тармоқлар – Instagram, Telegram, TikTok’да яна бир видео тарқалди. Галдаги видеороликда ушбу номақбул видео қаҳрамони бўлган аёл гўё "QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экан" деб ёзилади ва Феруза Нажмиддинованинг иш жараёнидаги суратлари билан монтаж қилиб, ижтимоий тармоқда тарқатилади. Ушбу видео қаҳрамони Феруза Нажмиддинова экани ёлғон ва ҳеч қандай асосга эга эмас.
Феруза Нажмиддинова олий маълумотли, оилали. 2019 йилдан буён QALAMPIR.UZ интернет нашрида турли лавозимларда фаолият юритиб келмоқда. У жамоада ва жамиятда, ўқувчилар орасида тартибли, фидоий, садоқатли, ҳалол журналист сифатида ҳурмат қозонган.
Ф.Нажмиддинованинг 2020-2021 йиллардаги журналистик фаолияти айнан танқидий ва таҳлилий материаллар билан боғлиқ. У одамларни қийнаётган масалалар ҳақида қўрқмай, холисликка ва этикага амал қилган ҳолда, сўз очиши билан эътиборга тушган. Албатта, бундай танқидий материаллар учун у бир неча бор тазйиқ, таҳдидга, “олиб ташлайсан” ёки “чиқармайсан”, деган дағдағаларга ҳам учраган.
Айниқса, бўҳтон видео тарқатилишидан бир кун аввал, 6 август куни Феруза Нажмиддинова QALAMPIR.UZ’да эълон қилган “Tashkent City” ҳудудидаги ресторанлар Республика махсус комиссияси қарорини писанд қилмай, соат 20:00 дан кейин ҳам фаолият юритаётгани ҳақидаги танқидий-таҳлилий репортажи орқали айримларнинг “думини босди” ва бу унга нисбатан нафратни янада оширди.
Бугун биз исталган одамни “шес секунд”да шарманда қилиш, унинг устидан исталган вақтда мағзава ағдариб, томоша қилиб туриш, обрўсизлантириш ва шу йўсинда алам олиш осон бўлган даврда яшаяпмиз. Феруза Нажмиддинова экан деб туҳмат қилинаётган видеода аёлнинг юзидан унинг кимлигини таниб олиш мумкин эмас. Ва ушбу видеога исталган аёлнинг, айтайлик, амалдор аёлларнинг ёки амалдорларнинг қизи, жияни, аёли суратини ҳам қўйиб, “шунақа иш бўлибди”, деб тарқатиш мумкин ва бу ҳақиқат бўлолмайди. Аммо айрим қабиҳ ниятдаги кимсалар бир оиланинг бекаси, жамиятда ва ишида ўз обрў-эътиборига эга бўлган аёлга туҳмат қилиш орқали, “лойни шундай отгинки, ўзи кетса ҳам, изи қолади” қабилида иш тутмоқчи бўлишди. Лекин улар мақсадларига ета олмадилар. Халқ ўз қаҳрамонларини яхши танийди ва уларни “шес секунд”да шарманда қилиш мумкин эмас.
Мазкур ҳолат жинсидан қатъи назар исталган журналист билан рўй бериши, уларнинг шаъни ҳам ана шундай топталиши мумкинлигини инобатга олсак, Ўзбекистонда журналистларнинг дахлсизлиги масаласи янада долзарб бўлиб бораётганини фаҳмлаймиз ва QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова билан боғлиқ вазият бунинг яққол исботидир.
QALAMPIR.UZ таҳририяти ходимлари шаънини ҳурмат қилади ва уни ҳамиша ҳимоя қилиб олишга тайёр. Айни вақтга қадар таҳририят ва Бош муҳаррир ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳолат бўйича ички ишлар идораларига ариза билан мурожаат қилиб, ушбу бўҳтон ва асосланмаган видеони тарқатганлар топилиши, уларга нисбатан чора кўрилишини сўради. Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олди.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш ўринлики, бу ҳолат бугун гендер тенгликни ва хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳақида дунёга юзланаётган Янги Ўзбекистон учун алоҳида сигнал. Аёллар касбий фаолияти ортидан бу шаклда таҳқирланиши жамиятда гендер тенгликнинг бузилишига, аёллар соҳаларни тарк этишига олиб келади. Шу боис QALAMPIR.UZ Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясидан ушбу ишни назоратга олишини сўрайди.
Биз ўз фаолиятимизни доимгидек давом эттирамиз ва тарқалган видео Бош муҳаррир ўринбосари Феруза Нажмиддинованинг QALAMPIR.UZ’даги танқидий-таҳлилий чиқишларига заррача ҳам тўсиқ бўлолмаслигини, аксинча, унинг қаламини янада чархлашини эслатиб ўтамиз.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2446-моддасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра, ёлғон ахборот тарқатганлик шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
LiveБарчаси